Машҳур Америка нашрида Бухоронинг бой тарихи ва замонавий қиёфаси ҳақида мақола эълон қилинди

Июнь 30, 2026. 13:00 • 3 дақ

89
Машҳур Америка нашрида Бухоронинг бой тарихи ва замонавий қиёфаси ҳақида мақола эълон қилинди

ВАШИНГТОН, 30 июнь. /“Дунё” АА/. Американинг нуфузли “The New York Times” газетасида “Бухоро – янги қиёфа касб этган Ўзбекистоннинг қадимий шаҳри” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Газетада ёзилишича, минг йилдан ортиқ вақт давомида Бухоро Буюк Ипак йўлидаги энг муҳим масканлардан бири бўлиб, халқаро савдо, илм-фан, маданият ва ҳунармандчиликнинг йирик маркази сифатида хизмат қилган.

Мақола муаллифи Гизела Уильямснинг фикрича, Ислом цивилизациясининг Олтин даврида, тахминан VIII асрдан XIII асргача, шаҳар минтақанинг энг йирик интеллектуал марказларидан бирига айланган. Айнан шу ерда етишиб чиққан улуғ олимлар, меъморлар, математиклар ва усталар жаҳон фани, тиббиёти, санъати ва архитектураси ривожига беқиёс ҳисса қўшган.

Материалда Бухоронинг бой тарихий-меъморий меросига алоҳида эътибор қаратилган. Бугунги кунда шаҳарда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган 140 дан ортиқ ёдгорлик сақланиб қолгани, улар орасида мовий гумбазли муҳташам масжидлар, қадимий мақбаралар, мадрасалар ва маҳобатли Арк қалъаси Шарқнинг энг яхши сақланиб қолган тарихий шаҳарларидан бирининг бетакрор муҳитини яратиши алоҳида урғуланган.

Муаллиф Бухоро бугунги кунда яна халқаро маданий марказга айланаётганини қайд этган. Гизела Уильямснинг таъкидлашича, дунёнинг турли мамлакатлари ва Ўзбекистон ижодкорларини бирлаштирган биринчи Бухоро биенналесининг ўтказилиши муҳим воқеа бўлган. Бадиий арт-лойиҳалар шаҳарнинг тарихий обидалари учун махсус яратилган, биенналенинг ўзи эса жаҳон ижодий жамоатчилиги эътиборини Бухоронинг бой маданий меросига қаратишга хизмат қилган.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова лойиҳанинг бош мақсадларидан бири сифатида тарихий объектларни кенг тарғиб этиш ва маҳаллий ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш эканини кўрсатиб ўтган.

Бухоронинг гастрономик анъаналарига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Шаҳарнинг энг яхши масканлари қаторида миллий рецептлар асосида Бухоро оши тайёрланадиган “Osh Joy”, тарихий карвонсаройда жойлашган “Joy Gastro Restaurant”, меҳмонларга ўзбек миллий таомларини таклиф этувчи “Palmira”, “Dilkor Lagman” ва “Old Bukhara” масканлари ажратиб кўрсатилган.

Миллий ҳунармандчилик ишқибозларига эса “Akbar House Collection” галереяси, таниқли уста Зоҳир Камоловнинг устахонаси, Давлат Тошевнинг бадиий устахонаси, “Устоз-Шогирд” амалий санъат маркази, “Pavillon Kalon” концепт-стори ҳамда бошқа миллий сувенирларни харид қилиш мумкин бўлган Бухоро Марказий бозорига ташриф буюриш тавсия этилган.

Америка газетаси Бухоронинг асосий диққатга сазовор жойлари сифатида “Ситораи Моҳи Хоса” саройи, “Баланд” масжиди, “Хўжа Зайниддин” суфийлик мажмуаси, “Чор-Бакр” мемориал ансамбли, “Арк” қалъаси, Сомонийлар мақбараси ва “Қиз-Биби” зиёратгоҳини кўрсатиб ўтган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш