Logo

Элчи Мансурбек Қиличев: Миср Ўзбекистоннинг Африка ва Яқин Шарқдаги муҳим ҳамкори

Июль 16, 2025. 15:30 • 3 дақ

72
Элчи Мансурбек Қиличев: Миср Ўзбекистоннинг Африка ва Яқин Шарқдаги муҳим ҳамкори

ҚОҲИРА, 16 июль. /"Дунё" АА/. Мисрнинг расмий "MENA" ахборот агентлиги Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги элчиси Мансурбек Қиличев билан интервью эълон қилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Элчи Мансурбек Қиличев суҳбат аввалида Миср Ўзбекистоннинг Африка ва Яқин Шарқдаги муҳим ҳамкори эканини таъкидлаган. Маълум қилинганидек, сўнгги йилларда яқин сиёсий мулоқот ва ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорлик янги поғонага кўтарилди. "Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил февраль ойида Мисрга амалга оширган тарихий ташрифи икки томонлама ҳамкорлик ривожига янги суръат бағишлади, бунинг натижасида икки давлат вазирлик ва идоралари ўртасида 10 га яқин ҳужжатлар имзолан", – деган дипломат.

Интервью давомида 2023 йилда Миср ва Ўзбекистон Президентлари уч марта телефон орқали мулоқот қилгани ҳамда 2024 йил октябрь ойида Қозонда ва жорий йил Москвада учрашгани маълум қилинган. Шунингдек, ўтган йилнинг сентябрь ойида Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Бахромжон Аълоев ва Миср ташқи ишлар вазири ёрдамчиси Аҳмад Шоҳин иштирокида Ўзбекистон ва Миср ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг 11-давраси бўлиб ўтгани таъкидланган.

Интервью давомида икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2024 йилда 46,1 миллион долларни, жорий йилнинг биринчи беш ойида эса 22,4 миллион долларни ташкил қилгани маълум қилинган. "Ўзбекистоннинг Мисрга экспорти 11,2 миллион долларни ташкил этди. Экспорт тўқимачилик ва туризм хизматларини ўз ичига олади. Электр жиҳозлари, мис ва чорвачилик маҳсулотлари савдоси сезиларли даражада ошди", – дея қайд этади мамлакатимиз расмий вакили.

Мансурбек Қиличев янги сармоявий уфқларни очиш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва мавжуд тўсиқларни бартараф этиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда ўн баробар оширишни мақсад қилиб қўйиш зарурлигини урғулаган.

"Қўшма лойиҳаларга келсак, "Ниль шакари" компанияси Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида қанд лавлаги етиштириш ва шакар етиштиришнинг тўлиқ циклини ташкил этиш бўйича қарийб 300 миллион долларлик инвестиция лойиҳасини ишга туширди. Лойиҳа 50 минг гектар қурғоқчил ерни ўзлаштириш ва 100 гектар майдонда йиллик қуввати 200 минг тонна шакар ишлаб чиқариш қувватига эга завод қуришни ўз ичига олади", – дейилади материалда.

Шунингдек, "Orascom Investment" компанияси кончилик ва геология соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни режалаштираётгани ва Ўзбекистондаги истиқболли конларда, хусусан, Навоий вилоятидаги "Шимолий Букантау" мис конида геологик қидирув ишларини бошлаб юборгани маълум қилинган. Мисрнинг "Bell Energy" компанияси Тошкент вилоятидаги сув насос станцияларини модернизация қилиш ишларини олиб бормоқда. "Al-Aseal" компанияси билан ҳамкорликда Наманган ва Жиззах вилоятларида асални қайта ишлаш корхонаси қуриш ишлари давом этмоқда. "Poly Serve", "Egy Triad", "Mena Pharma" ва "EGSL" каби Мисрнинг етакчи компаниялари билан ҳам самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Суҳбатда туризм соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилган. "2024 йилда Мисрга Ўзбекистондан 45 минг, жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида эса 22 минг сайёҳ келган. Ушбу даврда Ўзбекистонга Мисрдан 2600 нафар сайёҳ борган. Мисрнинг мазкур йўналишдаги илғор тажрибасини ўрганиш Ўзбекистонга туризм соҳасини янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади", – дея таъкидлаган элчи Мансурбек Қиличев.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш