Европа Комиссияси Транскаспий йўналишини ривожлантиришга қаратилган янги платформани ишга туширди
Июль 10, 2026. 19:30 • 2 дақ
• 9
КИЕВ, 10 июль. /“Дунё” АА/. Европа Комиссияси Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Қора денгиз минтақаларини ўзаро боғлайдиган платформани ишга туширганини эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Kyiv Diplomatic” журнали маълумотига таяниб.
Мақолада таъкидланишича, мазкур ташаббус транспорт, энергетика, рақамли инфратузилма ва савдо соҳаларидаги стратегик инвестицияларни мувофиқлаштиришга йўналтирилган.
Платформа кенгайиш масалалари бўйича комиссар Марта Кос, халқаро ҳамкорлик бўйича комиссар Йозеф Сикела ҳамда барқарор транспорт ва туризм бўйича комиссар Апостолос Цицикостас томонидан ташкил этилган юқори даражадаги вазирлар учрашувида тақдим этилди.
Йиғилишда Европа Иттифоқига аъзо давлатлар, Марказий Осиё, Жанубий Кавказ давлатлари, Туркия, Украина, Молдова, G7 ва халқаро молия институтларининг транспорт вазирлари ҳамда юқори даражадаги вакиллари иштирок этди.
Учрашувда халқаро молия институтлари билан транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, назорат-ўтказиш пунктларини модернизация қилиш ва савдо тартиб-таомилларига кўмаклашиш мақсадида 2 миллиард еврогача маблағ жалб этиш бўйича келишувлар имзоланди.
Иштирокчилар Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги ишончли ва барқарор йўналиш сифатида тобора муҳим аҳамият касб этаётган Транскаспий халқаро транспорт йўналиши самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратди. Европа Комиссияси ушбу йўналишнинг ишлашини баҳолаш ва унинг рақобатбардошлигини ошириш учун устувор чора-тадбирларни белгилашга таклиф қилмоқда.
Янги платформа “Global Gateway EU” стратегиясининг бир қисми бўлиб, Жанубий Кавказ ва Қора денгиз минтақаси орқали Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасида транспорт, энергетика ва рақамли алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни мувофиқлаштиришни назарда тутади.
Ташаббусни амалга ошириш халқаро савдони ривожлантириш, транспорт боғлиқлигини ошириш ва иштирокчи мамлакатлар ўртасида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси