Ўзбекистон ва Россиянинг Приморск ўлкаси савдо уйлари ва тақсимот марказларини ташкил этишни режалаштирмоқда

Октябрь 18, 2026. 16:30 • 2 дақ

• 89
Ўзбекистон ва Россиянинг Приморск ўлкаси савдо уйлари ва тақсимот марказларини ташкил этишни режалаштирмоқда
Ўзбекистон ва Россиянинг Приморск ўлкаси савдо уйлари ва тақсимот марказларини ташкил этишни режалаштирмоқда

ВЛАДИВОСТОК, 18 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси кўмагида Россиянинг Приморск ўлкаси делегацияси Фарғона ва Тошкент шаҳарларига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Делегация таркибидан Приморск ўлкасининг халқаро ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Константин Сидоренко, саноат ва савдо вазири Сергей Калитин, туризм вазири Наталья Набойченко ҳамда тадбиркорлар ўрин олди. Сафар давомида Ўзбекистон давлат идоралари ва ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров билан учрашувда вилоят маҳсулотларини Россия бозорига етказиб беришни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Приморск ўлкасида савдо уйи ва савдо-тақсимот марказини ташкил этиш, Фарғона ва Приморск ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновни йўлга қўйиш, логистика, туризм ва гуманитар алоқаларни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Томонлар ҳамкорлик меморандумини имзолаш ва 2027 йилда Приморск ўлкасида Фарғона вилояти маданияти кунларини ўтказиш имкониятларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси вакиллари билан музокараларда Приморск ўлкасида ўзбек савдо уйи, савдо-тақсимот маркази ва кўргазма савдо майдончасини ташкил этиш хусусида сўз юритилди.

Шунингдек ўқинг

Миллий маҳсулотлар ярмаркаларини ўтказиш, ўзаро бизнес-миссиялар ташкил этиш ва Владивостокда бизнес-форум ўтказиш бўйича фикр алмашилди. Ўзбекистонлик тадбиркорлар иштирокида қуёш панеллари ва айрим электротехника маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқариш имкониятлари муҳокама қилинди.

Делегация вакиллари “Uzum Market” онлайн савдо платформаси масъуллари билан учрашди. Суҳбат давомида Приморск тадбиркорлари маҳсулотларини ушбу платформа орқали сотиш имкониятларини ўрганишга келишиб олинди. Бунда денгиз маҳсулотлари, биологик фаол қўшимчалар, мойлар, маиший кимё воситалари ва бошқа ноозиқ-овқат маҳсулотларини сотишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ташриф доирасида “Xemiks grupp” компанияси раҳбарининг Фарғона вилоятидаги бетон конструкциялар ишлаб чиқарувчи корхоналарга ташрифи ташкил этилди. У “Besh Bola Beton”, “Hadid Beton”, “Turon Beton” ва “Megabeton” корхоналари фаолияти билан танишди. Музокаралар чоғида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.

Эришилган келишувлар Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, ўзбек маҳсулотлари экспортини ошириш ҳамда қўшма саноат лойиҳаларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш