“Financia Digital News”: Ўзбекистон учун Ўрта йўлак Озарбайжон, Грузия, Туркия ва Европа бозорларига чиқиш имкониятини оширади
Июль 29, 2026. 09:00 • 3 дақ
• 12
ИСЛОМОБОД, 29 июль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Financia Digital News” нашри Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон ўртасидаги транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларига оид мақолани эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази эксперти Эдвард Романов муаллифлигидаги ушбу мақолада “Марказий Осиё + Озарбайжон” формати бошқа ҳамкорлик майдонларидан фарқ қилиши, Озарбайжон Каспий денгизи орқали минтақа билан бевосита боғлангани, Жанубий Кавказ, Туркия ва Европа йўналишларига олиб чиқувчи транспорт йўлакларининг муҳим бўғини ҳисобланиши таъкидланган.
Муаллиф фикрича, Марказий Осиё учун Озарбайжон муҳим транзит, инвестиция ва саноат ҳамкори саналади. Озарбайжон учун эса Марказий Осиё мамлакатлари ўсиб бораётган бозор ҳамда порт, темир йўл ва логистика инфратузилмаси орқали ўтадиган юк оқимларининг муҳим манбаи ҳисобланади. Шу боис мазкур янги формат нафақат сиёсий, балки аниқ иқтисодий мазмунга ҳам эгадир.
Нашрда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги иқтисодий муносабатлар ҳам мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилган. Маълум қилинишича, 2017–2025 йиллар давомида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 9,5 баробарга ошиб, 32,5 миллион АҚШ долларидан 307,3 миллион АҚШ долларига етди. Ўзбекистон экспорти 227,3 миллион АҚШ долларини, Озарбайжондан импорт эса 80 миллион АҚШ долларини ташкил этди.
“Ўзбекистон экспортининг асосини саноат маҳсулотлари, машина ва транспорт ускуналари, озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимликлар, тайёр маҳсулотлар ҳамда хизматлар ташкил этади. Импорт таркибида эса асосан озиқ-овқат ва саноат маҳсулотлари, машина ва транспорт ускуналари, шунингдек кимё маҳсулотлари устунлик қилади”, – дейилган нашрда.
Мақолада ёзилганидек, савдо ҳажмини ва саноат кооперациясини кенгайтириш ишончли транспорт инфратузилмасини талаб этади. Денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга бўлмаган Ўзбекистон учун муқобил транспорт йўналишларини ривожлантириш ташқи савдо барқарорлигини оширишнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.
“Ўрта йўлак Хитой ва Марказий Осиёни Жанубий Кавказ, Туркия ҳамда Европа билан боғлайди. Ўзбекистондан юбориладиган юклар Қозоғистон ёки Туркманистон орқали Каспий денгизи портларига етказилиб, у ердан денгиз транспорти орқали Озарбайжонга, кейин эса Грузия ва Туркия орқали ёки Қора денгиз орқали Европа бозорларига йўналтирилиши мумкин”, – дея урғуланган.
Озарбайжон мазкур йўналишнинг ғарбий қисмида марказий ўринни эгаллайди. Унинг транспорт инфратузилмаси таркибига “Алат” халқаро денгиз савдо порти, Каспий денгизи савдо флоти ҳамда “Боку–Тбилиси–Карс” темир йўл линияси киради.
Ўзбекистон учун Ўрта йўлак Озарбайжон, Грузия, Туркия ва Европа Иттифоқи бозорларига қўшимча чиқиш имкониятини яратади. Бу транспорт йўналишларини диверсификация қилиш ва ташқи савдони чекланган миқдордаги маршрутларга қарамлигини камайтириш имконини беради.
Покистон электрон нашри ёзганидек, Ўрта йўлак шимолий ёки жанубий йўналишларга муқобил сифатида эмас, балки танлов имкониятларини кенгайтириш, логистика барқарорлигини ошириш ва ташқи бозорлар билан қўшимча алоқаларни шакллантириш воситаси сифатида қаралади.
“Ўзбекистон учун “Марказий Осиё + Озарбайжон” формати экспортни кенгайтириш, транспорт йўналишларини диверсификация қилиш ҳамда ишлаб чиқариш ва логистика соҳаларига инвестицияларни жалб этиш учун янги имкониятлар яратади. Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари учун эса мазкур формат ғарб бозорларига чиқишнинг қўшимча имкониятларини очиб беради”, – дейилган мақола якунида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси