“Pakistan In the World”: Ўзбекистон ва Қирғизистон иқтисодий шериклик учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда
Июль 28, 2026. 15:30 • 3 дақ
• 184
ИСЛОМОБОД, 28 июль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Pakistan In the World” газетаси Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази эксперти Руслан Абатуровнинг Ўзбекистон–Қирғизистон савдо-иқтисодий алоқаларига бағишланган таҳлилий мақоласини эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистон ва Қирғизистонни нафақат умумий чегара, тарихий ва маданий яқинлик бирлаштириб туради. Аста-секин ўзаро савдо, саноат кооперацияси, қўшма инвестициялар ҳамда тадбиркорлар ва ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларга асосланган умумий иқтисодий макон шаклланмоқда.
Ўзаро муносабатлардаги ўзгаришлар энг яққол савдо айланмаси динамикасида намоён бўлмоқда. 2016 йилга нисбатан икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 7 баравардан ортиқ ошди. Шу билан бирга, Ўзбекистон экспорти 6 баравардан зиёд, Қирғизистондан импорт эса 9 баравардан кўпроқ ўсди. Бу эса товарлар оқими ҳар икки томондан ҳам изчил ортиб бораётганини кўрсатади.
Таъкидланишича, 2025 йилда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ташқи савдо айланмаси қарийб 1,2 миллиард АҚШ долларига етди ва бир йил ичида 37 фоизга ўсди.
Газетанинг ёзишича, икки мамлакат иқтисодий ҳамкорлигининг иккинчи муҳим ҳаракатлантирувчи омили инвестиция ва саноат кооперациясидир.
Хусусан, 2016 йилда Ўзбекистонда қирғиз капитали иштирокида атиги 49 та корхона фаолият юритган бўлса, 2025 йил охирига келиб уларнинг сони 344 тага етди, яъни 7 бараварга ошди. 2026 йил 1 июль ҳолатига кўра, бундай корхоналар сони 374 тани ташкил этди. Бу йўналишда муҳим механизм сифатида 2021 йилда ташкил этилган Ўзбекистон–Қирғизистон тараққиёт жамғармаси хизмат қилмоқда.
Шунингдек, мақолада сўнгги йилларда бир қатор қўшма корхоналар ишга туширилгани, жумладан, Чуй вилоятида қирғиз–ўзбек қўшма автомобилсозлик корхонаси “Tulpar Motors” очилгани ҳақидаги маълумотлар муштарийлар эътиборига тақдим этилган.
Бундан ташқари, тўқимачилик саноати, маиший техника ишлаб чиқариш, пластик ва алюминий профиллар, қурилиш материаллари ҳамда бошқа соҳаларда ҳам қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли ҳамда қуввати 1,9 ГВт бўлган Қамбарота ГЭС-1 каби йирик лойиҳаларни амалга ошириш бошлангани хабар қилинган.
“Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилларига кўра, Ўзбекистон Қирғизистонга енгил автомобиллар ва уларнинг бутловчи қисмлари, юк автомобиллари, қишлоқ хўжалиги техникалари, қора металлургия маҳсулотлари, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, полимер материаллар ва пластмассадан тайёрланган буюмлар, электротехника маҳсулотлари ва ускуналари, фармацевтика маҳсулотлари ҳамда цемент етказиб бериш ҳажмини янада ошириш имкониятига эга”, – деб таъкидланган.
Қирғизистон эса ўз навбатида маъдан хомашёси, пластмасса буюмлари, шиша, табиий тош ва керамика маҳсулотлари, экологик тоза қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш салоҳиятига эга.
Мақола хулосасида “Ўзбекистон ва Қирғизистон иқтисодий шериклик учун мустаҳкам пойдевор яратди. Эндиги босқич ушбу ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, қўшма ишлаб чиқариш занжирларини ривожлантириш ва ўзаро манфаатли иқтисодий интеграцияни кенгайтиришдан иборат”, – деб ёзилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси