Logo

Ўзбекистоннинг учта олий таълим муассасаси Гамбург университетининг "Ўқитувчилар тайёрлашда ижтимоий ва маданий хилма-хиллик" дастурига қабул қилинди

Июль 14, 2025. 16:05 • 2 дақ

165
Ўзбекистоннинг учта олий таълим муассасаси Гамбург университетининг "Ўқитувчилар тайёрлашда ижтимоий ва маданий хилма-хиллик" дастурига қабул қилинди

ГАМБУРГ, 17 июль. /"Дунё" АА/. Германиянинг Гамбург университети сайтида Ўзбекистон олий ўқув юртлари билан ҳамкорликка бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақола аввалида ёзилишича, жорий йилнинг июнь ойида Гамбург университети вакиллари амалий сафар билан Ўзбекистонда бўлди ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳамда Тошкент иқтисодиёт ва педагогика университети раҳбарияти билан икки томонлама учрашувлар ўтказилди.

"Ўзбекистон олий таълим муассасалари раҳбарияти билан бўлиб ўтган музокараларда Гамбург университетининг педагогика факультети билан академик алмашинувлар тўғрисида битим имзолаш ва ўзаро манфаатли йўналишларда ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди, – дейилган нашрда. – Ҳамкорлик доирасида педагогика йўналишда таҳсил оладиган немис талабалари учун Ўзбекистон олий таълим муассасаларида амалиёт ўташ ҳамда талабалар ва профессор-ўқитувчилар ўртасида ўзаро академик алмашинувлар йўлга қўйилади".

Нашрда, шунингдек, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Тошкент иқтисодиёт ва педагогика университети Гамбург университетининг "Ўқитувчилар тайёрлашда ижтимоий ва маданий хилма-хиллик" (Diversity Contexts in Teacher Education) дастурига янги ҳамкор университет сифатида қабул қилингани ҳақидаги маълумот ўқувчилар эътиборига тақдим қилинган.

Қайд этилишича, мазкур дастур педагогика йўналишида таълим олаётган бакалавр босқичи талабаларига хориждаги олий ўқув юртларида амалиёт ўташ, бошқа давлатларнинг таълим тизими билан яқиндан танишиш ва бўлажак ўқитувчи сифатида халқаро тажриба орттириш имкониятини беради.

"2026 йилдан бошлаб Гамбург университетининг педагогика йўналишидаги талабалари Ўзбекистондаги ҳамкор университетларда тўрт-олти ҳафта давомида амалиёт ўтайдилар", – дея урғуланган манбада.

Мақолада, шунингдек, Гамбург университети вакиллари сафар давомида немис тили чуқур ўргатиладиган Тошкент шаҳридаги 60- ва 112-сонли мактаблар фаолияти билан танишгани хабар қилинган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш