“Ar-Rai”: Янги Тошкентни қуриш концепциясида транспорт ва муҳандислик инфратузилмасига алоҳида эътибор қаратилган
Ноябрь 24, 2026. 13:40 • 2 дақ
• 70
АЛ-КУВАЙТ, 24 ноябрь. /“Дунё” АА/. “Ar-Rai” нашрида Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчиси Аюбхон Юнусов билан Янги Тошкентда амалга оширилаётган истиқболли инвестиция лойиҳаларига бағишланган интервью эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Кувайт нашридаги интервьюнинг асосий мавзуси Ўзбекистонда барпо этилаётган янги шаҳар ва унда хорижий, жумладан, кувайтлик сармоядорлар иштирок этиши мумкин бўлган йўналишлар ҳақидаги маълумотлардан иборат.
Интервьюда Янги Тошкентдаги қурилишлар оддий турар жойлар бунёд этилиши билан чекланмай, бизнес, хизмат кўрсатиш, ижтимоий инфратузилма ва замонавий технологиялар уйғунлашган янги шаҳар муҳитини шакллантиришга қаратилгани қайд этилган.
Лойиҳанинг умумий майдони қарийб 20 минг гектар бўлиб, унинг биринчи босқичи 6 минг гектар ҳудудни қамраб олади. Биринчи босқичда режалаштирилган инвестиция лойиҳаларининг умумий қиймати 50 миллиард долларгача баҳоланмоқда. Шаҳар истиқболда 2 миллионгача аҳолига хизмат кўрсатадиган инфратузилма билан таъминланиши кўзда тутилган.
Кувайт компаниялари учун қизиқиш уйғотиши мумкин бўлган йўналишлар қаторида меҳмонхона ва савдо мажмуалари, кўп функцияли бинолар, офислар, турар жой объектлари, хусусий шифохоналар, таълим муассасалари ҳамда маданий-кўнгилочар иншоотлар бор. Бу қурилиш ва девелопментдан ташқари, объектларни бошқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳам шериклик имкониятларини очади.
Элчининг таъкидлашича, янги шаҳар концепциясида транспорт ва муҳандислик инфратузилмасига алоҳида эътибор қаратилган. Метро ва йўл тармоқлари, сув ва электр таъминоти, рақамли алоқа, яшил ҳудудлар ва жамоат маконлари шаҳарнинг узоқ муддатли ривожланишини таъминлашга хизмат қилиши кўзда тутилган.
Сармоядорлар учун ер участкаларини электрон аукционлар орқали тақдим этиш, лойиҳанинг кўламига қараб тўлов ва молиялаштириш шартларини белгилаш, айрим тоифадаги инвестицияларга солиқ ва божхона енгилликларини қўллаш каби механизмлар таклиф этилмоқда. Аниқ шартлар тегишли инвестиция келишувларида белгиланади.
Суҳбатдош Кувайт ишбилармон доираларига Ўзбекистондаги йирик қурилиш, кўчмас мулк, хизмат кўрсатиш ва технологик ташаббуслар ҳақида ҳам маълумот берган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси