“The Diplomatic Insight”: Янгиланган Ўзбекистон Конституцияси мамлакат ташқи сиёсий доктринасини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди
Ноябрь 24, 2026. 15:30 • 3 дақ
• 70
ИСЛОМОБОД, 24 ноябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The Diplomatic Insight” порталида “Конституция Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг стратегик йўналтирувчиси сифатида” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти сектор мудири, юридик фанлар доктори, профессор Баҳодир Исмоилов ўз мақоласи муқаддимасида ёзганидек, замонавий дунё чуқур трансформация даврини бошдан кечирмоқда. Куч марказлари ўзгариб, геосиёсий зиддиятлар кескинлашмоқда. Бундай шароитда Ўзбекистон учун асосий йўналтирувчи бўлиб 2023 йил 30 апрелда референдумда қабул қилинган Конституциянинг янги таҳрири хизмат қилмоқда. Янгиланган Асосий қонун ички демократик ислоҳотларни мустаҳкамлади ва мамлакат ташқи сиёсий доктринасини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди, очиқлик ва прагматизм йўналишини конституциявий меъёрга айлантирди.
“Конституция тинчликсевар ташқи сиёсат ва яхши қўшничилик асосларини мустаҳкамлади, Ўзбекистоннинг халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принципларига содиқлигини тасдиқлади. У стратегияни алмаштирмайди, балки унинг мустаҳкам асосини белгилайди”, – дея қайд этган ҳуқуқшунос олим.
Нашрда Конституциянинг 18-моддаси Ўзбекистон Республикаси давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки томонлама ва кўп томонлама муносабатларни ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсат юритишини белгилаши таъкидланган. 17-модда эса давлатларнинг суверен тенглиги, чегараларнинг дахлсизлиги, ҳудудий яхлитлик, куч ишлатмаслик ва ички ишларга аралашмаслик принципларини мустаҳкамлайди.
Муаллиф ёзганидек, сўнгги йиллардаги энг муҳим ютуқлардан бири Марказий Осиёдаги муҳитнинг тубдан соғломлашуви бўлди. Янгиланган Конституция бу йўналишни узоқ муддатли стратегик устувор вазифа сифатида мустаҳкамлади. Қўшни давлатлар билан ўзаро ҳурмат асосида дўстона, яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга интилиш олий юридик кучга эга бўлди.
Янгиланган Асосий қонуннинг энг муҳим янгилиги инсон ҳуқуқлари кафолатларини, шу жумладан мамлакат ташқарисида ҳам кучайтириш бўлди. Давлат ўз фуқароларига Ўзбекистон ҳудудида ҳам, ундан ташқарида ҳам ҳимоя ва ҳомийлик кафолатини беради.
Профессор Баҳодир Исмоилов ўз хулосасида таъкидлаганидек, Янги Ўзбекистон ташқи сиёсати муваффақиятли бўлади, агар конституциявий меъёрлар амалий натижаларда – қўшнилар билан тинч ва олдиндан айтиб бўладиган муносабатларда, янги иқтисодий имкониятларда, фуқароларнинг ишончли ҳимоясида ва умумий муаммоларни ҳал этишда иштирок этишда мужассам топса.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси