Logo

"Аn Nahar News" газетаси: Ўзбекистон креатив туризмни фаол ривожлантирмоқда

Июль 05, 2025. 11:24 • 2 дақ

57
"Аn Nahar News" газетаси: Ўзбекистон креатив туризмни фаол ривожлантирмоқда

АР-РИЁЗ, 5 июль. /"Дунё" АА/. Саудия Арабистонининг оммабоп "Аn Nahar News" газетаси сайтида "Креатив туризм – Ўзбекистон тараққиётига хизмат қилувчи куч" сарлавҳали мақола эълон қилинди деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Ўзбекистон маданий ва иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири сифатида креатив туризмни фаол ривожлантирмоқда,–дейилган мақолада. Мазкур формат маҳорат дарслари, ҳунармандчилик машғулотлари, гастрономик саёҳатлар, санъат қароргоҳлари ва фестивалларда иштирок этишни ўз ичига қамраб олади. Бундай ёндашув мамлакатнинг халқаро ижобий қиёфасини мустаҳкамлаш, иш ўринларини яратиш, кичик бизнесни ривожлантириш ва маданий дипломатияни тарғиб этишга хизмат қилади".

Шунингдек, нашрда Венеция биенналесида Ўзбекистон ёруғлик ва модернизмга бағишланган "Кўзларни қамаштирувчи нур" номли павильонни тақдим этгани хабар қилинган. Лойиҳа меъморий меросни асраб-авайлаш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлиб, жаҳон санъат ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди.

"2025 йил апрель ойида Осака шаҳрида очилган "EXPO-2025" Бутунжаҳон кўргазмасида Ўзбекистоннинг "Билимлар боғи" номли павильони тақдим этилмоқда. Мажмуа ҳунармандчилик, рақамли медиа, интерфаол санъат ва илм-фанни бирлаштирган ҳолда анъаналар ва инновациялар уйғунлиги ғоясини ўзида мужассам этган", – дея урғуланган материалда.

Бундан ташқари, мақолада шу йил 7 август куни Тошкентдаги "Бунёдкор" стадионида Ўзбекистон тарихида илк маротаба жаҳон эстрадаси юлдузи Женнифер Лопеснинг концерти бўлиб ўтиши ҳақидаги маълумот ўқувчилар эътиборига тақдим этилган.

"Мутахассисларнинг сўзларига кўра, бундай даражадаги концертнинг ўтказилиши очиқлик, халқаро лойиҳаларга тайёрлик ва Ўзбекистоннинг ривожланган маданий инфратузилмага эга замонавий ва хавфсиз мамлакат сифатида тан олинишининг аломатидир", – дейилган мақолада.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш