Logo

"Agnaden" газетаси: Бухоро вилояти Жондор туманида дам олиш масканлари ва туризм қишлоғини ўз ичига олган сайёҳлик ҳалқаси ташкил этилади

Июль 04, 2025. 11:37 • 2 дақ

58
"Agnaden" газетаси: Бухоро вилояти Жондор туманида дам олиш масканлари ва туризм қишлоғини ўз ичига олган сайёҳлик ҳалқаси  ташкил этилади

БАҒДОД, 4 июль. / "Дунё" АА/. Ироқнинг оммабоп "Agnaden" газетасида "Жондор туманида туризмни ривожлантиришга қаратилган учрашув бўлиб ўтди" сарлавҳали ахборот материали эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев Бухоро вилояти Жондор туманида маҳаллий аҳоли ва туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан учрашув ўтказгани ҳақида ёзилган.

"Учрашув давомида ҳудудда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, янги туристик маршрутлар яратиш ҳамда маҳаллий аҳолининг бу соҳадаги иштирокини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Тадбиркорлар ўз фаолиятида дуч келаётган муаммолар ва таклифлар билан ўртоқлашди", – деб таъкидланган мақолада.

Маълум қилинишича, ташриф давомида Туризм қўмитаси раиси Жондор туманидаги Ушот қишлоғини "туризм қишлоғи"га айлантириш борасида ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан ҳам танишган.

"Туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда туманнинг "Варахша" археологик ёдгорлиги, "Қизбиби" зиёратгоҳи, "Зарафшон" соҳилбўйи дам олиш маскани ва "Ушот туризм қишлоғи"ни ўз ичига олган "туристик ҳалқа" ва 1-2 кунлик туристик дастур ишлаб чиқишга келишиб олинди",– дея урғуланган материалда.

Шунингдек, нашрда, оилавий меҳмон уйларини ташкил қилиш истагида бўлган маҳаллий аҳолига зарур ёрдам кўрсатилаётгани ҳам қайд этилган.

Мақола якунида "Мулоқот чоғида тадбиркорлар ва маҳаллий ҳокимият вакиллари билан ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар атрофлича ўрганилди. Туризм қўмитаси томонидан қўллаб-қувватланадиган дастурлар, грантлар ва таълим имкониятлари ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди. Бу учрашув Жондор туманида туризмни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади", – деб таъкидланган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш