Logo

"Al Harir" газетаси: Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистон учун ўз транспорт ташаббусларини илгари суриш бўйича идеал майдон ҳисобланади

Сентябрь 04, 2025. 14:03 • 2 дақ

59
"Al Harir" газетаси: Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистон учун ўз транспорт ташаббусларини илгари суриш бўйича идеал майдон ҳисобланади

АР-РИЁЗ, 4 сентябрь. /"ДунёАА/. Саудия Арабистонининг "Al Harir" газетасида "Транскаспий йўналиши ва ШҲТ: Ўзбекистоннинг мустаҳкамланаётган ўрни ва истиқболлари" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда жаҳон савдоси ва логистикасидаги глобал ўзгаришлар шароитида Марказий Осиё мамлакатлари янги транспорт йўналишларини шакллантиришда ҳал қилувчи бўғинга айланаётгани қайд этилган.

"Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон тарихан Шимолдаги қўшниларига қарам бўлган давлатдан янги трансқитъавий йўлакларнинг асосий тугунига айланиб бормоқда. Ушбу ўзгариш жараёнини иккита асосий омил белгилайди: Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)даги фаол иштирок ва Транскаспий йўлининг стратегик аҳамияти. Уларнинг уйғунлиги Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро мавқейини мустаҳкамлаш учун ноёб имкониятлар яратади", – деб таъкидланган мақолада.

Нашрда ёзилишича, Ўзбекистон учун Транскаспий йўналиши Каспий денгизи портлари ва Жанубий Кавказ мамлакатлари орқали Туркияга олиб борадиган қўшимча логистика йўлини очади. Кейинчалик у савдо географиясини кенгайтириб, Европа бозорларига чиқиш имконини беради.

"Транскаспий йўналишини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар натижасида сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистон ва Европа ўртасида Каспий денгизи орқали ташилган юклар ҳажми 4 баробар ошди. 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистоннинг Каспий денгизи орқали экспорт-импорт юк ташиш ҳажми қарийб 500 минг тоннани ташкил этди, бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7 фоизга кўпдир", – дея қайд этилган манбада.

"Al Harir" электрон нашри ёзганидек, Хитой ва Россия каби йирик давлатлар, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари, Ҳиндистон, Покистон ва Эронни бирлаштирган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистон учун ўз транспорт ташаббусларини илгари суриш мақсадида идеал майдон ҳисобланади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш