Logo

"Al Harir" газетаси: Ўзбекистонда келгуси уч йилда камбағаллик даражасини 11 фоиздан 7 фоизга қисқартириш мақсад қилинган

Август 16, 2024. 19:05 • 2 дақ

229
"Al Harir" газетаси: Ўзбекистонда келгуси уч йилда камбағаллик даражасини 11 фоиздан 7 фоизга қисқартириш мақсад қилинган

АР-РИЁЗ, 18 август. /"Дунё" АА/. Саудия Арабистони ва Яқин Шарқ мамлакатларидаги оммабоп "Al Harir" газетасида "Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш ва мамлакатнинг ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштиришга жиддий эътибор қаратмоқда" сарлавҳали мақола  чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

 Ушбу мақолада Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёевнинг 14 август куни камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишгани ҳақидаги маълумотлар муштарийлар эътиборига тақдим қилинган.


"Ҳар бир мамлакат ривожланиш жараёнида камбағалликни қисқартириш босқичидан ўтади. Ўзбекистон ҳам 2020 йилда аҳолининг муайян қисми камбағал эканини тан олиб, уларга мадад беришга киришди. Молиявий-ташкилий чоралар кўрилиб, тизим жорий қилинди. Бу ўз самарасини бериб, узоқ йиллар оғир вазиятда бўлган 3 миллиондан зиёд одамларнинг шароити яхшиланди. Камбағаллик даражаси 17 фоиздан 11 фоизга тушди", – деб ёзган Саудия босма нашри.


Ўзбекистонда келгуси уч йилда камбағаллик даражасини 11 фоиздан 7 фоизга қисқартириш мақсад қилинган. Ҳозиргача бўлган тизим билан натижадорликни ошириш қийин. Камбағал оилани танлашда аниқлик, уларни бу ҳолатдан олиб чиқиш ва маблағ ажратишда яхлитлик етишмайди.


Тақдимотда ушбу икки соҳани мутаносиб ривожлантириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди, дея таъкидланган материалда.


Унга кўра, таҳлиллардан келиб чиқиб, камбағалликни аниқлаш мезонлари ва манзилли рўйхати шакллантирилади. Жумладан, унга "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"даги ҳамда камбағалликка тушиш хавфи юқори бўлганлар киритилади. Бундай оилалар "маҳалла еттилиги" ва фаоллари томонидан овоз бериш йўли билан тасдиқланади. Камбағалликдан чиқаришга қаратилган барча ижтимоий хизмат ва ёрдамлар "Инсон" марказлари томонидан амалга оширилади.


Қайд этилишича, камбағаллик омилларини ўрганиш учун ижтимоий ҳимоя ва бандлик масалаларида 8 та йўналишда ягона саволнома ишлаб чиқилади. Шу асосида оилаларнинг имкониятлари баҳоланиб, 3 та тоифага ажратилади. Ҳар бир оилага индивидуал ёндашилиб, "оёққа туриши"га кўмаклашилади.


Нашрда, шунингдек, Ўзбекистонда ҳар йили камбағалликни қисқартиришга 14 триллион сўм йўналтирилаётгани маълум қилинган. Камбағалликни қисқартиришга қаратилган дастурлар ижроси бўйича 3 босқичда – маҳалла ва туман, вилоят ҳамда республика даражасида мониторинг ташкил қилинади. Бу борада жамоатчилик назорати кучайтирилади.


"Охирги йилларда тўпланган тажриба ва одамларнинг эҳтиёжидан хулоса қилиб, камбағалликни қисқартиришни янги босқичга олиб чиқиш керак. Эҳтиёжманд инсонларнинг хоҳиши ва имкониятини қўллаб-қувватлаб, ҳаётга, жамиятга олиб кириш зарур. Умуман, ҳар қандай ижтимоий ёрдам пировардида бандликка боғланиши шарт", – дея давлатимиз раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтирган "Al Harir" газетаси.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш