Мазори Шариф шаҳрида Ўзбекистон ва Афғонистон ўрмон хўжалиги вакилларининг музокаралари бўлиб ўтди
Ноябрь 20, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 163МАЗОРИ ШАРИФ, 20 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги раисининг ўринбосари Ғолибжон Қурбонов бошчилигидаги делегация Афғонистоннинг Балх вилоятида амалий ташриф билан бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Балх вилояти ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Нурул Ҳоди Абу Идрис, вилоят атроф-муҳитни ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Шамсиддин Холид ҳамда қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик бошқармаси бошлиғи Муҳаммад Мусо Муҳаммадий билан ўтказилган учрашувларда Афғонистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош қумли ҳудудларида чўлланиш ва қум бўронларининг олдини олиш мақсадида “яшил белбоғ” ва экологик лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистоннинг минтақавий экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган ташаббуслари афғон расмийлари томонидан юксак баҳоланиб, қўллаб-қувватланди.
Делегация аъзолари афғонистонлик мутахассислар билан биргаликда Дуройи – Ҳайратон автотрассасининг икки тарафидаги ҳамда Балх вилоятининг Амударёга яқин жойлашган Калдор ва Шўртепа туманлари ҳудудидаги қум зоналарининг бугунги ҳолати, шунингдек, мазкур ҳудудлардаги қурғоқчиликка чидамли ўсимлик кўчатларини етиштиришга ихтисослашган кўчатхоналар фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Ташриф давомида ўзбекистонлик мутахассислар кўмагида Афғонистон ҳудудида “яшил ўрмонзорлар” ва “яшил қопламалар” яратиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича Ўзаро англашув меморандумини имзолашга келишиб олинди.
Лойиҳа доирасида Балх вилоятининг қум зоналарида яшил белбоғ барпо этиш мақсадида сувсизликка чидамли саксовул, қандим, янтоқ ва юлғун каби ўсимликларни экиш ишлари амалга оширилади. Мазкур тадбирлар босқичма-босқич олиб борилиб, дастлабки босқичда 10 минг гектар қумли ҳудудда “яшил қопламалар” яратиш режалаштирилган. Келгусида бундай яшил майдонлар кўлами йилдан-йилга кенгайтириб борилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


