Logo

"Asdaa Oman" газетаси: Ўзбекистон ўзининг мустақил тараққиёт йўли билан Осиё руҳини акс эттирмоқда

Июль 04, 2025. 12:04 • 2 дақ

70
"Asdaa Oman" газетаси: Ўзбекистон ўзининг мустақил тараққиёт йўли билан Осиё руҳини акс эттирмоқда

МАСКАТ, 4 июль. /"Дунё" АА/. Ўмоннинг "Asdaa Oman" газетасида "Осиёнинг қалби цивилизация ва ислоҳотлар билан урмоқда... Ўзбекистон: ўтмиш ва ҳозирги замон ўртасида" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий мероси ҳамда замонавий ривожланиши батафсил қаламга олинган.

Муаллиф Ўзбекистонни тарих ва бугунги кунни боғловчи кўприк сифатида тавсифлайди. У афсонавий Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон қадимий Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарлари билан ислом цивилизациясининг марказларидан биридир, дея таъкидлаган.

"Самарқандда дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган буюк олимлар изи сақланиб қолинган. Ушбу қадим кентда жойлашган "Бибихоним", "Шоҳи Зинда" ва "Регистон" каби ёдгорликлар нафақат тарихий, балки буюк меросдир. Бухоро эса ислом цивилизациясидаги ўрни билан машҳур. Бу ерда қадимда тасаввуф мактаблари ривожланган ва Хожа Баҳоуддин Нақшбанд каби алломалар етишиб чиққан", –деб ёзган муаллиф.

Материалда, шунингдек, мустақилликдан сўнг Ўзбекистонда амалга оширилган иқтисодий, ҳуқуқий ва таълим соҳаларидаги ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда прагматик ва очиқ сиёсат олиб борилаётгани, республика БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан ҳамоҳанг тарзда тараққий этаётгани алоҳида урғуланган.

Мақола "Ўзбекистон нафақат бой тарихи ва маданий мероси билан балки замонавий тараққиёт билан ҳам намуна бўлмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон ўзининг мустақил тараққиёт йўли орқали Осиё руҳини акс эттирмоқда", – деб сўзлар билан якунланган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш