“AJP” газетаси: Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеясида глобал аҳамиятга молик ташаббусларни илгари сурди

Сентябрь 30, 2026. 12:00 • 2 дақ

• 115
“AJP” газетаси: Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеясида глобал аҳамиятга молик ташаббусларни илгари сурди

СЕУЛ, 30 сентябрь. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг “AJP” газетасида Ўзбекистон вакилларининг Бош Ассамблеянинг 81-сессиясида илгари сурган ташаббусларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси Ўзбекистон ташқи сиёсатида янги босқич бўлди. Нью-Йоркда илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар мамлакатнинг ички ислоҳотлари, Марказий Осиёда шаклланаётган янги ҳамкорлик муҳити ва глобал муаммоларга ечим излаш ўртасидаги боғлиқлик тобора мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатди.

Энг муҳими, Ўзбекистон энди халқаро кун тартибига муносабат билдириш билан чекланиб қолмай, унинг келажакдаги йўналишини шакллантиришга хизмат қиладиган таклифларни илгари сурмоқда.

Халқаро тизим жиддий синовлардан ўтмоқда. Қуролли тўқнашувлар давом этмоқда, геосиёсий кескинлик кучаймоқда ва давлатлар ўртасидаги ишонч сусаймоқда. Иқлим ўзгариши, демографик силжишлар, сув ва озиқ-овқат хавфсизлиги, технологик тенгсизлик ва сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши ҳеч бир давлат якка ҳолда ҳал қила олмайдиган муаммоларга айланди.

Шунингдек ўқинг

Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессиясида илгари сурган позициясининг марказига инсон қадри, тинчлик ва ҳамкорликни қўйди. Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Бош Ассамблеянинг умумий мунозараларида мамлакат номидан нутқ сўзлади. Унинг расмий баёнотида мамлакат танлаган йўл учта тамойил билан белгиланди: очиқлик, яхши қўшничилик ва дунё билан мулоқот.

Бу, авваламбор, Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсати ўртасидаги уйғунлик тобора ортиб бораётганидан далолат беради. Инсон қадри мамлакатдаги ислоҳотларнинг асосий мезонига айлангани каби, тинчлик, тараққиёт ва инсон қадри мамлакатнинг халқаро фаолиятида ҳам тобора узвий мақсадлар сифатида қабул қилинмоқда.

Ўзбекистоннинг БМТ минбаридан туриб баён этган асосий позицияларидан бири давлат қудратининг асл моҳияти билан боғлиқ бўлди. Таъкидландики, давлатнинг ҳақиқий куч-қудрати фақат унинг ҳарбий ёки иқтисодий салоҳияти билан эмас, балки, энг аввало, инсон қадр-қиммати, ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш қобилияти билан ўлчаниши лозим.

Ушбу ёндашув халқаро муносабатлар учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Глобал муаммоларни ҳал қилишда фақат иқтисодий ўсиш ёки хавфсизликнинг ўзи етарли эмас. Ҳар бир қарорнинг инсонлар ҳаёти ва келажагига таъсири асосий мезон бўлиши керак.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш