“The World News”: Ўзбекистон — шахмат олимпиадасининг икки карра чемпиони
Сентябрь 28, 2026. 17:30 • 2 дақ
• 167
ИСЛОМОБОД, 28 сентябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг оммабоп “The World News” нашри Ўзбекистон шахмат терма жамоасининг Бутунжаҳон шахмат олимпиадасидаги ғалабаси ҳақида ёзмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада қайд этилишича, Самарқанд шаҳрида ўтказилган 46-Шахмат олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси очиқ турнирда олтин медални қўлга киритди.
“Мусобақанинг ҳал қилувчи, 11-турида Ўзбекистон терма жамоаси Украина жамоаси билан баҳс олиб борди. Нодирбек Ёқуббоев Игорь Самуненков билан дуранг ўйнади, Муҳиддин Мадаминов эса Роман Дихтярёв устидан ғалаба қозонди. Жавоҳир Синдаров Василий Иванчук билан очко бўлишди, Нодирбек Абдусатторов ва Игорь Коваленко ўртасидаги партия ҳам дуранг билан якунланди. Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси Украинани 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этиб, турнирни 20 очко билан якунлади”, — дейилади мақолада.
Покистон ОАВ хабарига кўра, Украина устидан қозонилган ғалаба Ўзбекистон терма жамоасига Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси чемпиони унвонини олиб келди.
Мусобақа якунларига кўра, 18 очко тўплаган Ҳиндистон терма жамоаси иккинчи ўринни эгаллади. Германия эса бронза медалларига сазовор бўлди.
“Ўзбекистон учун бу 2022 йилда Ченнайда бўлиб ўтган Олимпиададаги ғалабадан кейинги иккинчи олимпия олтин медали бўлди. 2024 йилда Будапештда ўтказилган Олимпиадада терма жамоамиз бронза медалларини қўлга киритган эди. Шундай қилиб, Ўзбекистон сўнгги учта шахмат олимпиадасининг иккитасида чемпион бўлди, яна бирида эса учинчи ўринни эгаллади”, — дея таъкидланади мақолада.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси