“The Nation” газетаси: Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари ўртасидаги ишончли мулоқот икки давлат муносабатларини мутлақо янги босқичига олиб чиқди
Июль 31, 2026. 17:00 • 3 дақ
• 29
ИСЛОМОБОД, 31 июль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг марказий “The Nation” газетаси “Ўзбекистон ва Қирғизистон: стратегик шериклик, институционаллашув ва ҳамкорлик механизмлари” сарлавҳали мақолани эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақола муқаддимасида ёзилишича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 30 июль – 1 август кунлари Қирғизистонга амалга ошираётган давлат ташрифи ўзбек-қирғиз муносабатлари ривожида янги босқични бошлаб беради.
Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги муносабатлар ўз тарихидаги энг мазмунли ва самарали даврлардан бирини бошдан кечирмоқда. Яқин йилларгача икки томонлама кун тартибининг асосий қисми давлат чегараси, чегара ўтказиш пунктлари фаолияти ҳамда ўзаро ишончни тиклаш масалалари билан боғлиқ эди.
“Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ўртасидаги мунтазам ҳамда ишончли мулоқот икки давлат муносабатларини мутлақо янги сифат босқичига олиб чиқди”, – дея таъкидланган
Покистон босма нашри ёзганидек, сўнгги йилларда эришилган энг муҳим натижа – бу Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегараси бўйича эришилган келишувдир.
“2025 йил 31 март куни Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлат чегаралари туташ нуқтаси тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши минтақа давлатлари ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини инобатга олиш асосида энг мураккаб масалаларни мустақил ҳал қилишга қодир эканини яна бир бор намоён этди”, – дея урғулаган газета.
Шунингдек, Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги фаол сиёсий мулоқот иқтисодий соҳада ҳам ўзининг яққол ифодасини топаётгани қайд этилган. Бугунги кунда иқтисодий ҳамкорлик икки мамлакат ўртасида рўй берган ижобий ўзгаришларнинг энг муҳим кўрсаткичларидан бири ҳисобланади. Сўнгги ўн йил ичида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми етти баробардан зиёд ошиб, 167,5 миллион доллардан 1,2 миллиард долларга етди. Фақат ўтган йил якунларига кўра ҳам бу кўрсаткич 40 фоизга ўсди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Қирғизистоннинг энг йирик савдо ҳамкорларидан бирига айланиб, унинг ташқи савдо айланмасининг қарийб 7 фоизини таъминлади.
“Бугунги кунда Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари икки давлат мустақиллиги тарихидаги энг жадал ривожланаётган босқични бошдан кечирмоқда. Тошкент ва Бишкек ўртасидаги стратегик шериклик икки томонлама ҳамкорлик доирасидан анча кенгайиб, Марказий Осиёда ўзаро ҳамкорликнинг янги архитектурасини шакллантиришда муҳим омилга айланмоқда”, – деб хулоса қилинган мақолада.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси