Токиода Ўзбекистон–Япония экологик ҳамкорлиги истиқболлари муҳокама қилинди

Июль 31, 2026. 16:30 • 2 дақ

8
Токиода Ўзбекистон–Япония экологик ҳамкорлиги истиқболлари муҳокама қилинди

ТОКИО, 31 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Япония атроф-муҳит вазири ўринбосари Кентаро Дои билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот чоғида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги Ўзбекистон–Япония ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ҳамда уни янада кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Томонлар кейинги йилларда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини қайд этиб, экологик хавфсизлик, иқлим ўзгаришига мослашиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишларида амалий ҳамкорликни кенгайтиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.

Учрашувда жорий йил март ойида Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Япония Атроф-муҳит вазирлиги ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумининг амалий ижросини таъминлаш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, Япония томонига Марказий Осиёда экология ва иқлим ўзгариши соҳасида кадрлар тайёрлашга ихтисослашган “Green University” билан академик алмашинувларни йўлга қўйиш, қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда мутахассислар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш таклиф этилди.

Ўз навбатида, Кентаро Дои Ўзбекистонга ташрифи давомида мазкур университетда яратилган замонавий шарт-шароитлар, профессор-ўқитувчиларнинг юқори салоҳияти ҳамда таълим жараёнининг мазмуни унда ижобий таассурот қолдирганини қайд этди.

Музокаралар якунида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада фаоллаштириш, қўшма ташаббусларни амалга ошириш ҳамда мунтазам ишчи мулоқотларни давом эттириш юзасидан келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш