Хитой нашри Ўзбекистоннинг гендер тенглик бўйича ислоҳотларини юқори баҳолади
Июль 03, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 59
ПЕКИН, 3 июль. /“Дунё” АА/. Хитойнинг етакчи “Diplomat” нашрида Ўзбекистонда гендер тенглик йўналишида олиб борилаётган ислоҳотларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистонда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратиш, аёлларнинг ижтимоий ҳаётда тўлиқ иштирокини таъминлаш, уларни турли тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Президентининг юксак сиёсий иродаси ва ташаббуслари туфайли гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва оилани мустаҳкамлаш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишлари этиб белгилангани таъкидланган. Бу борада қабул қилинган дастур ва стратегиялар нафақат миллий, балки халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда.
Хотин-қизларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий ҳаётидаги иштироки кун сайин ортиб бормоқда. Бугунги кунда улар давлат бошқаруви органлари, парламент, маҳаллий кенгашлар, тадбиркорлик ва илмий фаолиятда фаол иштирок этмоқда. Хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратиш, уларнинг билим ва салоҳиятини ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Нашрда ёзилишича, Ўзбекистонда қисқа вақт ичида хотин-қизларга зарур шарт-шароит ва имконият яратиш борасида халқаро стандартларга мос келадиган миллий қонунчилик базаси шакллантирилди. Хусусан, сўнгги саккиз йилда 100 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Бугунги кунда Ўзбекистон гендер сиёсатини амалга оширишда БМТ, ЕХҲТ, ЮНЕСКО каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни изчил давом эттирмоқда. Ушбу ҳамкорлик аёллар манфаатларини ҳимоя қилиш учун янги имкониятлар яратади ва уларга мамлакатда ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш имконини беради.
Материалда қайд этилишича, хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш ва ўз бизнесини ривожлантиришини қўллаб-қувватлаш уларнинг жамиятдаги ижтимоий фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси