Ўзбекистоннинг беш ойлик ташқи савдо айланмаси 33 миллиард долларга яқинлашди

Июль 03, 2026. 11:00 • 2 дақ

44
Ўзбекистоннинг беш ойлик ташқи савдо айланмаси 33 миллиард долларга яқинлашди

ТОШКЕНТ, 3 июль. /“Дунё” АА/. 2026 йилнинг январь–май ойлари якунларига кўра, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,7 фоизга ўсиб, 32,8 миллиард АҚШ долларини ташкил этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, экспорт ҳажми 12,6 миллиард долларни ташкил этиб, бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 15,5 фоизга камдир. Айни вақтда импорт 20,8 фоизга ўсган ва 20,1 миллиард долларга етган.

Шу билан бирга, олтинни ҳисобга олмаганда товарлар экспорти барқарор ўсиш суръатини намоён этди. Беш ой давомида у ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 29,4 фоизга кўпайиб, 6,5 миллиард долларни ташкил этди.

Шунингдек ўқинг

Ҳисобот даврида Ўзбекистон дунёнинг 185 мамлакати билан савдо алоқаларини олиб борди.

Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг юқори улуши Хитой (23,4%), Россия Федерацияси (17,6%), Қозоғистон (6,9%), Туркия (3,7%) ва Афғонистон (2,8%) ҳиссасига тўғри келди.

Экспертларнинг фикрича, умумий экспорт ҳажмининг камайишига қарамай, ташқи савдо айланмасининг ўсиши ва олтинни ҳисобга олмаганда, нохомашё экспортининг сезиларли даражада ошгани Ўзбекистон ташқи савдосининг диверсификацияси ҳамда унинг хорижий шериклар билан иқтисодий алоқалари кенгайиб бораётганидан далолат беради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш