Қирғизистон МХДҚ собиқ раиси Қамчибек Ташиев тўрт йилга озодликдан маҳрум қилинди

Июль 03, 2026. 13:00 • 2 дақ

35
Қирғизистон МХДҚ собиқ раиси Қамчибек Ташиев тўрт йилга озодликдан маҳрум қилинди

БИШКЕК, 3 июль. /“Дунё” АА/. Бишкек шаҳрининг Первомай туман суди Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Қамчибек Ташиев ва яна етти нафар судланувчини мамлакатда ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллашда айбдор деб топди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Расмий ахборот агентлиги – “Кабар” ҚМАА хабарига кўра, суд қарори билан айбланувчиларнинг ҳар бирига мол-мулки мусодара қилинган ҳолда тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шу билан бирга, ҳақиқий қамоқ жазоси уч йиллик пробация назорати билан алмаштирилган. Агар пробация шартлари бузилса ёки янги жиноят содир этилса, маҳкумларга ҳақиқий озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Маҳкумлар орасида Жўқорғу Кенеш (парламент) собиқ спикери Нурланбек Турғунбек ўғли, собиқ депутат Қурманқул Зулушев, жамоат арбоби Бекболот Талгарбеков, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Эмилбек Узоқбоев, собиқ депутат Қурманбек Дийқонбоев, собиқ бош вазир ўринбосари Аали Карашев ва ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Курсан Асанов ҳам бор.

Шу билан бирга, суд барча судланувчиларни мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш айблови бўйича оқлади. Аввалроқ давлат айблови уларнинг ҳар бирига тўққиз йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни сўраган эди. Қамчибек Ташиев ва Қурманқул Зулушевнинг адвокатлари ҳукм устидан шикоят қилиш ниятида эканини маълум қилди.

Ушбу жиноят иши “75лар хати” деб ном олган – бир гуруҳ сиёсатчилар, жамоат арбоблари ва собиқ давлат хизматчиларининг Қирғизистон Президенти Садир Жапаровга муддатидан олдин Президентлик сайловларини ўтказишга чақирувчи мурожаати билан боғлиқ.

Мурожаат эълон қилингач, уни имзолаган бир қатор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. 2026 йил февраль ойида Президент жамиятда бўлинишнинг олдини олиш мақсадида шундай қарор қабул қилинганини айтиб, Қамчибек Ташиевни МХДҚ раҳбарлигидан бўшатган эди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш