Logo

Элчи Илҳом Ҳайдаров: Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги икки томонлама савдо ҳажми яқин келажакда 5 миллиард долларга етади

Август 28, 2025. 16:40 • 2 дақ

71
Элчи Илҳом Ҳайдаров: Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги икки томонлама савдо ҳажми яқин келажакда 5 миллиард долларга етади

АНҚАРА, 28 август. /"Дунё" АА/. Туркиянинг "Anadolu" ахборот агентлиги Ўзбекистон элчиси Илҳом Ҳайдаров билан интервьюни эълон қилди, деб хабар беряпти "Дунё" АА мухбири.

Суҳбат аввалида Ўзбекистон элчиси ўз лавозимига киришганидан сўнг Туркиядаги вазирлар ва идоралар раҳбарлари, айниқса, қўшма икки томонлама лойиҳалари бор ташкилотлар билан бевосита алоқаларни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратганини таъкидлаган.

"Туркиядаги фаолиятим давомида мамлакатнинг 81 вилоятига ташриф буюришга, уларнинг ҳар бирининг иқтисодий салоҳияти, тарихи ва маданий хусусиятларини ўрганишга ва Ўзбекистон ҳудудлари билан ўзаро манфаатли савдо алоқаларини ўрнатиш учун барча чораларни кўришга ваъда берганман", – деган дипломат.

Элчи Илҳом Ҳайдаров таъкидлаганидек, сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми тобора ортиб бормоқда.

"Бугунги кунда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3 миллиард доллардан ошди. Бироқ, бу бизни қониқтирадими, деган саволга, "йўқ" деб жавоб беришимиз керак. Бу кўрсаткич мамлакатларимиз салоҳиятини тўлиқ акс эттирмаслиги ҳаммага маълум. Муҳтарам Президентларимиз томонидан белгилаб берилган 5 миллиард долларлик мақсадни амалга ошириш йўлида бор кучимизни сафарбар қиляпмиз. Фаолиятим давомида бу кўрсаткичга эришиш учун астойдил ҳаракат қиламан.

Ўзбекистон учун Туркия билан савдо-иқтисодий алоқалар катта аҳамиятга эга. Ўтган йили тўғридан-тўғри хорижий сармоянинг 7 фоизи туркиялик ҳамкорларимиз ҳиссасига тўғри келди. Турк капитали иштирокидаги компаниялар сони ой сайин ортиб бормоқда. Йил бошида 1800 га яқин компаниялар сони 2006 га етди. Саъй-ҳаракатларимиз, рағбатлантириш ва рағбатлантиришларимиз билан уларнинг сонини кўпайтирамиз", – дея қайд этган Ўзбекистон элчиси.

Шунингдек, 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон учун виза тартиби бекор қилингани ижобий натижалар бераётгани таъкидланди. Ҳозирги кунда икки давлат шаҳарлари ўртасида ҳафтасига 90 дан ортиқ авиақатновлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонга 2023 йилда 106 минг нафар сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2024 йилда 150 минг нафардан ошди. Йил охиригача 200 минг сайёҳ бўлиш кўрсаткичига эришиш кутилмоқда.

Элчи Илҳом Ҳайдаров, шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг муҳим аҳамият касб этишини, бу кенгаш икки давлат ўртасидаги барча соҳалардаги муносабатларнинг асосий мақсад ва йўналишларини белгилаб беришини алоҳида урғулаган. Унинг айтишича, сўнгги йиғилиш 2024 йил 6 июнь куни Анқарада бўлиб ўтган, кейингиси эса Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган.

Интервью Ўзбекистон расмий вакилининг, "Биз Туркия Президентининг Ўзбекистонга ҳар бир ташрифини минг йиллик тарих ва маданиятга, тили ва дини муштарак бўлган, мамлакатимиз мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган олижаноб ва қардош халқ раҳбарининг ташрифи сифатида юксак баҳолаймиз", – деган сўзлари билан якунланган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш