“Avesta”: 4–6 сентябрь кунлари Самарқандда жаҳон ёш парламентарийлари жамланади

Август 21, 2026. 19:30 • 2 дақ

80
“Avesta”: 4–6 сентябрь кунлари Самарқандда жаҳон ёш парламентарийлари жамланади

ДУШАНБЕ, 21 август. /“Дунё” АА/. Самарқанд шаҳри Парламентлараро Иттифоқнинг ёш парламентарийлар XII халқаро конференциясига мезбонлик қилишга тайёргарлик кўрмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Тожикистоннинг “Avesta” ахборот агентлигига таяниб.

Кенг миқёсли ушбу халқаро тадбир 2026 йилнинг 4–6 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Бўлажак форумнинг “Таҳликали даврда барча учун шахсий ҳуқуқ, адолат ва қадр-қимматни тиклаш” деб номланиши жаҳон ҳамжамиятининг янги авлод сиёсатчиларининг конструктив мулоқоти орқали замонамиз таҳдидларига жавоб топишга бўлган интилишини акс эттиради.

Конференцияда 183 мамлакатдан 15 та халқаро ташкилот, 50 нафарга яқин доимий кузатувчи ҳамда 300 нафар иштирокчи қатнашиши кутилмоқда. Учрашувларда ёшлар ҳаётининг муҳим жиҳатларига бағишланган олтита мавзули сессия ўтказилади.

Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича парламент ҳамкорлигининг III Глобал форумининг ўтказилиши ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Унда қатнашчилар глобал аҳамиятга эга кун тартибини амалга оширишда ёш парламентарийларнинг ўрнини муҳокама қилади.

Шунингдек ўқинг

“Avesta” нашрининг қайд этишича, форумнинг расмий қисми 4–5 сентябрь кунлари давом этади. Якуний тадбирлар давомида иштирокчилар Ўзбекистоннинг бой маданий мероси билан танишиш имконига эга бўлишади.

Ёш парламентарийлар глобал конференцияси 2014 йилда ташкил этилган бўлиб, ёшларнинг демократик жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш учун асосий майдон ҳисобланади.

Бундай йирик форумнинг Самарқандда ўтказилиши бутунжаҳон ёшларининг бирдамлигини мустаҳкамлаш ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган муҳим халқаро мулоқот майдони сифатида Ўзбекистоннинг ортиб бораётган обрў-эътиборини яна бир бор ифодалайди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш