“The Diplomatic Insight”: 2026 йил январь-июль ойларида Ўзбекистонга Жанубий Кореядан 26 мингдан зиёд сайёҳ келди
Сентябрь 11, 2026. 20:00 • 2 дақ
• 82
ИСЛОМОБОД, 11 сентябрь. / “Дунё” АА/. Покистоннинг “The Diplomatic Insight” электрон нашрида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорлик ривожига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда таъкидланишича, кореялик сайёҳларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши мунтазам ортиб бормоқда. 2026 йилнинг январь–июль ойлари якунларига кўра, мамлакатимизга ташриф буюрган сайёҳлар сони бўйича узоқ хориж давлатлари орасида Корея Республикаси Хитой ва Туркиядан кейин учинчи ўринни эгаллади. Ушбу даврда юртимизга Жанубий Кореядан 26,5 минг нафар сайёҳ ташриф буюрди.
“Бугунги кўрсаткичлар пандемиядан олдинги даражадан ҳам юқори. Хусусан, 2019 йилда Ўзбекистонга Корея Республикасининг 35,5 минг нафар фуқароси келган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 41,3 мингни, 2025 йилда эса 46,3 минг нафарни ташкил этди. Бу 2019 йилдаги кўрсаткичдан қарийб учдан бир баробарга кўпдир”, – дейилади манбада.
Электрон нашрнинг ёзишича, бундай ижобий динамика замирида амалий қулайликлар мужассам. Жанубий Корея фуқаролари учун 2018 йилнинг февраль ойидан бери 30 кунлик визасиз режим ҳамда тўғридан-тўғри авиақатновлар амал қилмоқда, бу эса саёҳатларни сезиларли даражада енгиллаштирмоқда.
Мақолада Корея Республикаси нафақат сайёҳлар манбаи, балки соҳани ривожлантиришда муҳим ҳамкор экани урғуланган. Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) кўмагида Ўзбекистон туризм таълим муассасаларига кореялик экспертларни жалб этиш, тажриба алмашиш ва юртимиз мутахассислари учун тренинглар ташкил этиш масалалари кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, Самарқанддаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети базасида корейс тили ва маданияти марказини очиш таклиф этилмоқда.
“The Diplomatic Insight” нашри, шунингдек, икки мамлакат туроператорлари, таълим муассасалари ва ихтисослашган ташкилотлари ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этишини алоҳида қайд этган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси