"El Mundo Financiero": БМТ Давлат хизмати форумининг Ўзбекистонда ўтказилиши – мамлакатга соҳадаги ислоҳотларни намойиш этиш имконини беради
Июнь 23, 2025. 19:44 • 2 дақ
• 52
МАДРИД, 23 июнь. /"Дунё" АА/. Испаниянинг етакчи "El Mundo Financiero" онлайн нашрида "БМТ Давлат хизмати форумининг Ўзбекистонда ўтказилиши — мамлакат учун тарихий воқеликдир" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"23-25 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида БМТнинг Давлат хизмати форуми (UN Public Service Forum 2025) ўтказилади, – дейилади нашрда. – Ушбу нуфузли халқаро тадбир "2030 йилгача беш йил: Барқарор келажак учун давлат хизматларини кўрсатишни жадаллаштириш" асосий мавзусида ташкил этилмоқда".
Маълум қилинганидек, форум БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти (UN DESA) ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан ўтказиляпти. Форумнинг Ўзбекистонда ўтказилиши — мамлакат учун соҳадаги ислоҳотларини намойиш этиш ва баҳолаш имконини ҳам беради.
"БМТ Давлат хизмати форуми — давлат хизматларини самарали ташкил этиш, инновацияларни жорий этиш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида давлатлар, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти вакилларини бирлаштирадиган йирик халқаро тадбирдир", – дея урғуланган материалда.
Шунингдек, нашрда Ўзбекистонда 2017 йилда бошланган туб ислоҳотлар республика давлат хизмати тизимида ҳам ижобий ўзгаришларга йўл очгани қайд этилган.
"Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан давлат фуқаролик ҳукумати трансформация қилинди. "Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак", — деган ҳаётий тамойилидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Президентининг виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхоналари ташкил қилинди. Янги тузилма — "маҳалла еттилиги" тизими жорий этилди. Шунингдек, юқори раҳбарлик лавозимларига захира тайёрлаш амалиёти қўлланила бошланди. Натижада, давлат ва жамият ўртасидаги муносабатлар янада демократлашди", – дейилган манбада.
Испания нашрига кўра, Ўзбекистон давлат хизматида эътироф этишга лойиқ амалиёт қўллади. Ижтимоий давлат қуриш бўйича ташаббуслар кўрсатди. "Инсон қадри" марказий масаласига айланди, инсон капиталини ривожлантириш давлатнинг бирламчи вазифаси сифатида тан олинди. Ушбу мақсадни амалга ошириш механизмларидан бири сифатида "Маҳалла еттилиги" уникал тузилмаси шаклланди. Тузилма давлат хизматчиларининг халққа яқин бўлиши, муаммоларини жойида ҳал этиш, ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилди. Ҳозирда "маҳалла еттилиги"да қарийб 50 мингга яқин давлат хизматчилари фаолият кўрсатаётгани ҳам аҳамиятлидир.
Мақола хулосасида "Ўзбекистоннинг Форумда иштироки ва мезбонлиги юқоридаги каби мамлакатнинг ўзига хос тажрибасини намоён этиш, шунингдек, давлат хизмати соҳасини модернизация қилиш, рақамли трансформацияни амалга ошириш ва халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликни кучайтиришда муҳим қадам бўлади", – деб ёзилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлик муносабатлари Покистон ОАВ диққат марказида