“Outlook New Era Magazine”: 2025 йил якунларига кўра, Марказий Осиё дунёнинг энг тез ривожланаётган сайёҳлик минтақаси сифатида эътироф этилди

Август 09, 2026. 10:56 • 3 дақ

39
“Outlook New Era Magazine”: 2025 йил якунларига кўра, Марказий Осиё дунёнинг энг тез ривожланаётган сайёҳлик минтақаси сифатида эътироф этилди

ГУАНЧЖОУ, 9 август. /“Дунё” АА/. Хитойнинг “Outlook New Era Magazine” медиа порталида Жаҳон саёҳат ва туризм кенгаши (WTTC)нинг “2026 йил учун саёҳат ва туризмнинг иқтисодий таъсирини ўрганиш” ҳисоботи асосида Марказий Осиёнинг туризм соҳасидаги ўсиш суръатлари ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ҳисоботга кўра, Марказий Осиё 2025 йилда жаҳон туризм саноатида энг тез ривожланаётган минтақалардан бирига айланди. WTTC томонидан дунё туризми 13 та асосий ҳудуд бўйича таҳлил қилинган бўлиб, Марказий Осиё қатор муҳим кўрсаткичлар бўйича биринчи ўринни эгаллаган.

Тадқиқот натижаларига кўра, 2025 йилда Марказий Осиёда саёҳат ва туризм соҳасининг ялпи ички маҳсулотга қўшадиган ҳиссаси 17,7 фоизга, соҳанинг тўғридан-тўғри иқтисодий ҳиссаси эса 19,6 фоизга ошган. Бу кўрсаткичлар Шимоли-шарқий Осиё (8,7 фоиз) ва Жануби-шарқий Осиё (7,6 фоиз)даги ўсиш суръатларидан сезиларли даражада юқори.

Ҳисоботда таъкидланишича, 2025 йилда Марказий Осиё туризм саноатининг иқтисодиётга қўшган ҳиссаси 220,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Бу минтақа ялпи ички маҳсулотининг 4,3 фоизига тенг. Шунингдек, туризм соҳасидаги бандлик 9,5 фоизга, соҳага йўналтирилган инвестициялар эса 12,4 фоизга ўсган.

Мақолада Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг илғор туризм йўналиши сифатида алоҳида қайд этилган. WTTC маълумотларига кўра, Ўзбекистон минтақадаги барча асосий баҳолаш кўрсаткичлари бўйича етакчилик қилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Хусусан, 2025 йилда Ўзбекистоннинг туризм хизматлари экспортидан оладиган даромади 44,8 миллиард АҚШ долларига етган. Бу кўрсаткич Марказий Осиёдаги умумий туристик экспорт даромадларининг қарийб ярмини ташкил этади.

Шунингдек, Ўзбекистон Марказий Осиё аҳолиси учун энг оммабоп сайёҳлик йўналиши ҳисобланади. Минтақа аҳолисининг хорижий саёҳатлари орасида Ўзбекистон улуши 25 фоизни ташкил этди. Бу борада Қозоғистон 23 фоиз ва Қирғизистон 18 фоиз кўрсаткич билан кейинги ўринларда қайд этилган. 2025 йилда Ўзбекистонга 11,7 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган, бу 2024 йилга нисбатан 46,8 фоизга кўпдир.

WTTC Марказий Осиёда туризм тараққиётига чегара тартибларини соддалаштириш, транспорт ва логистика имкониятларини яхшилаш, янги сайёҳлик йўналишларини яратиш ҳамда минтақани ягона туристик макон сифатида тарғиб қилиш муҳим омил бўлаётганини қайд этган.

Халқаро тадқиқот натижалари Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги туризм марказларидан бири сифатидаги мавқеи мустаҳкамланаётгани, мамлакатнинг бой тарихий-маданий мероси ва замонавий инфратузилмаси эса халқаро сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилаётганини кўрсатмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш