“Kierunek Kaukaz”: Ўзбекистон Президентининг Туркияга ташрифи ва ТДТ саммити икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлади
Ноябрь 10, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 264
ВАРШАВА, 10 ноябрь. /“Дунё” АА/. Польшанинг “Kierunek Kaukaz” ахборот-таҳлилий порталида “Туркий давлатлар ташкилоти саммити доирасида Ўзбекистон ва Туркия стратегик шерикликни мустаҳкамламоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда ёзилишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Режеп Таййип Эрдоған таклифига биноан Туркияга амалга оширган амалий ташрифи туркий дунё давлатлари ҳамкорлигини мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлди.
Анқара шаҳрида “Туркий аср: тилда, фикрда ва ишда бирлик” мавзусида ўтказилган ТДТнинг 13-саммитидаги иштирок ташрифнинг асосий воқеаси сифатида эътироф этилган.
Етакчилар музокаралари якунида бешта ҳужжат имзоланди. Савдо преференцияларини кенгайтириш, дастлабки божхона маълумотларини алмашиш, фуқароларни ижтимоий таъминлаш ҳамда юқори даражадаги Бизнесни қўллаб-қувватлаш кенгашини тузиш тўғрисидаги келишувлар шулар жумласидандир.
2025 йилда товар айирбошлаш ҳажми 3,1 миллиард долларга етди. Президентлар бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйди. Туркиялик пудратчилар Ўзбекистонда умумий қиймати 9,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган 333 та лойиҳани амалга оширди.
Мақолада Шавкат Мирзиёевнинг саммитдаги нутқига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Давлатимиз раҳбари 100 та стратегик қўшма инвестиция ва саноат лойиҳаси дастурини ишлаб чиқиш, Туркий инвестиция жамғармаси ресурсларидан янада самарали фойдаланиш, Ўрта йўлакни, логистика марказларининг ягона тармоғини ҳамда “ТДТ+” форматида учинчи мамлакатлар билан шерикликни ривожлантириш таклифини илгари сурди.
Қайд этилишича, ушбу ташриф Ўзбекистоннинг минтақавий ташаббусларда фаол иштирокчи сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга интилаётганидан далолат беради.
Анқара учун Тошкент билан шериклик Марказий Осиё сиёсатининг муҳим бўғини ҳисобланади. Агар саммитда илгари сурилган ташаббуслар амалий лойиҳаларга айланса, ТДТ минтақавий ҳамкорлик харитасида ўз ўрнини янада мустаҳкам ва ёрқин намоён эта олади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси