Маниладаги халқаро конференцияда Ўзбекистоннинг давлат бошқарувидаги тажрибаси намойиш этилди
Ноябрь 12, 2026. 19:55 • 2 дақ
• 56МАНИЛА, 12 ноябрь. /“Дунё” АА/. Филиппин пойтахтида Осиё медиа ахборот ва коммуникация маркази (AMIC)нинг “Жамоатчилик ишончи, жамоатчилик овози: давлат бошқарувида коммуникациянинг ўрни” мавзусидаги 32-халқаро конференцияси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” мухбири.
Осиёнинг медиа ва коммуникация тадқиқотлари соҳасидаги етакчи ташкилотларидан бири ҳисобланган AMIC конференциясида 22 мамлакатдан кўплаб делегатлар иштирок этди.
Конференцияда AMICнинг Ўзбекистондаги вакили, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети проректори Нозима Муратова ҳам қатнашди.
У “Ҳукумат фаолиятини такомиллаштириш: маҳаллий бошқарув коммуникацияси” пленар сессиясида Ўзбекистон давлат органлари фаолиятининг очиқлиги, фуқаролар билан мулоқотда рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш, медиа ва коммуникация соҳаси учун мутахассислар тайёрлаш борасида алоҳида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, Нозима Муратова сунъий интеллект воситаларини қўллаган ҳолда янги турдаги рақамли медиамаҳсулотлар яратиш борасидаги тажрибасини тақдим этди. Бундай ёндашувлар давлат институтларига нисбатан жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаши ва очиқ бошқарув бўйича халқаро кун тартибига мос келиши таъкидланди.
Халқаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Конференция доирасида Марказий Осиё мамлакатларининг AMIC фаолиятидаги иштирокини кенгайтириш, Тошкентда минтақавий форум ўтказиш ва илмий журналнинг махсус сонини (“Voices of Asia”) нашр этиш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Ўзбекистоннинг ушбу конференцияда иштироки мамлакатимиз медиа саноатининг Осиё академик маконига интеграциялашуви ва юртимиз тажрибасини халқаро миқёсда тарғиб қилишга хизмат қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



