Покистон ОАВ: Ўзбекистон технологик бизнес учун минтақада энг қулай хаблардан биридир
Июнь 30, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 43ИСЛОМОБОД, 29 июнь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “News Network Pakistan” ва “Infora News” нашрларида “Ўзбекистон технологик бизнес учун операцион хаб сифатида: рақамлар, имкониятлар ва бу нима учун самарали?” сарлавҳали мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрларда сўнгги йилларда Ўзбекистонда 1000 дан ортиқ технологик компаниялар ўз фаолиятини йўлга қўйгани ва улар учун барча шароитлар яратилгани таъкидланган.
“Алоҳида афзаллик шундаки, бизнес Ўзбекистонда асосий жараёнларни ташкил этиш учун ойлаб вақт сарфламайди. Тошкент шаҳридаги IT Park нафақат компанияни рўйхатдан ўтказишда, балки ишлаш учун тайёр инфратузилма – офис, мебель, техника ва барча уланган коммуникациялар билан ҳам ёрдам беради”, – дея ёзилган мақолада.
Шунингдек, стартап бизнесни йўлга қўйиш бўйича барча асосий жараёнлар “One Stop Shop” тамойили асосидаги «ягона дарча» орқали амалга оширилиши таъкидланган.
Покистон ОАВ ёзганидек, IT Park резидентлари учун минтақадаги тех-бизнес учун энг қулай солиқ шартларидан бири амал қилади: 0 фоиз корпоратив солиқ, ҚҚС ва ижтимоий солиқ. Ходимлар учун даромад солиғи 7,5 фоизни ташкил этади, бу кўплаб Европа мамлакатларига қараганда сезиларли даражада паст.
“Бунинг ҳисобига компаниялар юқори солиқ юкига эмас, балки жамоани ва бизнесни ривожлантиришга кўпроқ ресурс сарфлашлари мумкин”, – дейилган манбада.
Қўшимча афзалликлардан бири — яшаш ва операцион харажатларнинг пастлигидир. Ўзбекистонда бизнес ходимларни ёллаш, жамоани сақлаш ва кундалик жараёнларга камроқ маблағ сарфлайди. Иш ва яшаш шароитлари эса халқаро бизнес учун тобора қулай бўлиб бормоқда.
Нашрларда Ўзбекистонда таъсисчилар, инвесторлар ва IT-мутахассислар учун уч йил муддатга IT-виза амал қилиши урғуланган. У мамлакатда алоҳида ишлаш рухсатномасисиз яшаш ва ишлаш имконини беради ҳамда оила аъзоларига ҳам татбиқ этилади. IT-виза эгалари Ўзбекистон фуқаролари билан бир хил шартларда тиббий хизмат ва таълим олиш имкониятига эга бўладилар. Шунингдек, улар кўчмас мулк сотиб олишлари мумкин.
Мақолаларда қайд этилганидек, Ўзбекистонда хорижий компаниялар учун инфратузилма ва қўллаб-қувватлаш тизими аллақачон яратилган бўлиб, бизнес ортиқча бюрократик тўсиқларсиз кенгайиши мумкин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

