Покистон ОАВ: "Марказий Осиё – КАДҲК" формати нафақат икки минтақа ривожи учун, балки кенг геосиёсий маконда барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилади
Апрель 24, 2025. 12:53 • 2 дақ
• 79
ИСЛОМОБОД, 24 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг халқаро анжуманлар майдонига айланаётгани, юртимизда муҳим глобал ва минтақавий масалаларда кўп томонлама олий ва юқори даражали тадбирлар ташкил этилаётгани хорижий, хусусан Покистон оммавий ахборот воситалари томонидан мунтазам равишда эътироф этиб келинмоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Жумладан, мазкур мамлакатнинг "Pakistan in the World" ва "The Diplomatic Insight" журналлари, "Islamabad Post" ва "Daily Big Digit" газеталари, "The Gulf Observer", "The Europe Today" ва "World News" онлайн порталларида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлими бошлиғи Алишер Қодировнинг жорий йил май ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган "Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" стратегик мулоқотининг олий даражадаги саммити тўғрисидаги таҳлилий мақоласи эълон қилинди.
Мақолада таъкидланганидек, Кўрфаз араб давлатлари ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар ўзаро тарихий, маданий ва маърифий алоқаларга асосланган бўлиб, ҳозирги кунда глобал муаммоларни ҳал этишда муҳим дипломатик воситага айланмоқда.
Материалда минтақалар ўртасидаги ҳамкорликнинг тўрт босқичига алоҳида тўхталиб ўтилган ва ҳар бир даврнинг муҳим жиҳатлари батафсил таҳлил қилинган.
Шунингдек, 2023 йил 19 июлда Жидда шаҳрида "Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" форматида ўтказилган биринчи саммит тарихий воқеа сифатида эътироф этилиб, унда 2023-2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича қўшма Ҳаракатлар режаси қабул қилингани маълум қилинган.
"Ушбу саммитда Ўзбекистон Президенти бизнес вакиллари иштирокида Қўшма инвесторлар кенгашини тузиш, унинг илк йиғилишини Самарқандда ўтказиш, эркин савдо ҳудудини ташкил этиш, Трансафғон темир йўли лойиҳасида фаол иштирок этиш, "Кўрфаз-Марказий Осиё" ягона визасиз туризм маконини яратиш каби ташаббусларни илгари сурган эди", – дейилган нашрда.
Такидланишича, 2024 йил 15 апрелда Тошкентда бўлиб ўтган мазкур формат ташқи ишлар вазирларининг иккинчи учрашуви доирасида эса биринчи саммит натижаларини амалга ошириш ва 2025 йил май ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган иккинчи саммитга тайёргарлик масалалари муҳокама қилинган эди.
Мақолада, шунингдек, энергетика, транспорт, рақамли инфратузилма, инновация, қишлоқ хўжалиги ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорлик минтақалараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этиши, Афғонистондаги барқарорлик эса минтақавий хавфсизликда муҳим ўрин тутиши ҳам эътироф этилган.
Муаллиф "Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" формати нафақат икки минтақанинг ривожи учун, балки кенг геосиёсий маконда барқарор тараққиётни таъминлашда муҳим омил экани алоҳида таъкидланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлик муносабатлари Покистон ОАВ диққат марказида