Польша ОАВ: Ўзбекистон Осиёдаги ҳамкорлари билан транзит йўлаги бўйича музокаралар олиб бормоқда
Июнь 13, 2026. 19:00 • 2 дақ
• 5
ВАРШАВА, 13 июнь. /“Дунё” АА/. Польшанинг оммабоп “Kierunek Kaukaz” электрон порталида “Ўзбекистон Осиёдаги ҳамкорлари билан транзит йўлаги бўйича музокаралар олиб бормоқда” сарлавҳали таҳлилий мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон Марказий Осиё давлатларини Араб денгизи портлари билан боғлайдиган янги транзит йўлагини ташкил этиш бўйича консептуал келишувга эришганлар.
Польша нашри Ўзбекистон транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориевнинг сўзларидан иқтибос келтирган ҳолда, ҳозирги кунда мазкур стратегик лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича фаол ишлар олиб борилаётгани ва йўлакнинг зарур ўлчов ишлари бошлаб юборилганини маълум қилган.
Мақолада таъкидланишича, денгизга чиқиш имкониятини берувчи бошқа муқобил савдо йўналиши — Эроннинг Бандар-Аббос порт йўлаги ҳозирги вақтда Яқин Шарқдаги беқарор ва олдиндан айтиб бўлмайдиган вазият туфайли кўриб чиқилаётгани йўқ. Минтақада сақланиб қолаётган сиёсий кескинлик ўрта муддатли истиқболда Теҳрон орқали ўтадиган ҳар қандай савдо йўналишлари учун ноаниқликларни келтириб чиқаради.
“Айни шу сабабли бизнинг асосий мақсадимиз — Афғонистон орқали Покистонга ўтиш ҳамда Карачи ва Гвадар портларига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятини қўлга киритишдир, — дея тушунтиради Жасурбек Чориев. — Бу ўзбек томони яратишга интилаётган мутлақо янги йўналиш ҳисобланади. Янги транспорт йўлаклари ўз вақтида ва кечикишларсиз барпо этилиши учун Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ва ҳамкорлари билан саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришимиз зарур”.
Шу билан бирга, поляк нашри уч томонлама транзит йўлагини барпо этишда бир қанча молиявий ва географик қийинчиликлар мавжудлигига ҳам эътибор қаратган. Хусусан, Афғонистоннинг тоғли ҳудудлари орқали йўл солиш ва лойиҳани молиялаштиришни кафолатлаш муҳим вазифалардандир.
Мақола якунида Афғонистон ва Покистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларда кузатиладиган даврий кескинликларга қарамай, ушбу савдо йўлагининг ҳаётга татбиқ этилиши бутун минтақанинг иқтисодий боғлиқлигини таъминлаш ва транзит салоҳиятини оширишда тарихий аҳамиятга эга эканлиги алоҳида баҳоланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси