Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Қоҳирада Миср Бош вазири билан учрашди
Июнь 13, 2026. 15:50 • 2 дақ
• 41
ТОШКЕНТ, 13 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун Қоҳирада Миср Бош вазири Мустафо Камол Мадбули билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Бугун Қоҳира шаҳрида Миср Араб Республикаси Бош вазири Мустафо Камол Мадбули жаноблари билан учрашганимиздан мамнунмиз, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида. – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси Жаноби Олийлари номига йўллаган самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказдик. Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги кенг қамровли шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалаларини атрофлича муҳокама қилдик.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, саноат кооперациясини кенгайтириш, транспорт-логистика йўналишларини ривожлантириш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратдик.
Маданий-гуманитар, таълим ва диний-маърифий соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини янада бойитиш бўйича ҳам фикр алмашдик. Минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам мулоҳазалар билдирдик.
Ўзбекистон Мисрнинг Яқин Шарқда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, можароларни сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолашини таъкидладик”.
“Дунё” АА олган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси