Logo

Малайзия ОАВ: 23-25 июнь кунлари Самарқандда БМТнинг Давлат хизмати форуми бўлиб ўтади

Июнь 05, 2025. 07:34 • 2 дақ

59
Малайзия ОАВ: 23-25 июнь кунлари Самарқандда БМТнинг Давлат хизмати форуми бўлиб ўтади

КУАЛА-ЛУМПУР, 5 июнь. /"Дунё" АА/. Малайзиянинг "Bernamа»" ахборот агентлиги ва "OIC Today" нашри 23-25 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган "БМТнинг давлат хизматлари форуми - 2025"га бағишланган мақолаларни тарқатди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"2025 йилнинг 23-25 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида БМТнинг Давлат хизмати форуми ўтказилади. Ушбу нуфузли халқаро тадбир "2030 йилгача беш йил: Барқарор келажак учун давлат хизматларини кўрсатишни жадаллаштириш" асосий мавзусида бўлиб ўтади", – деб ёзган нашрлар.

Таъкидланганидек, форум БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан ташкил этилмоқда.

Малайзия ОАВ Ўзбекистонда 2017 йилда бошланган туб ислоҳотлар Ўзбекистон давлат хизмати тизимида ҳам ижобий ўзгаришларга йўл очганини қайд этган. Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан давлат фуқаролик ҳукумати трансформация қилинди. "Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак", деган ҳаётий тамойилидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Президентининг виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхоналари, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди ва давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими жорий этилди.

Мақолаларда, шунингдек, Ўзбекистонда юқори раҳбарлик лавозимларига захира тайёрлаш амалиёти қўлланила бошланганига эътибор қаратилган. Натижада, давлат ва жамият ўртасидаги муносабатлар янада демократлашди, деб таъкидланган.

"Мазкур соҳадаги ютуқлар ва салоҳият 2025 йил июнь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган БМТ Давлат хизмати форумида намоён бўлиши кутилмоқда. Ушбу Форум Ўзбекистонда илк бор ташкил этилади ва бу мамлакат учун муҳим аҳамиятга эга", – деб ёзилган "Bernamа»" АА ва "OIC Today" мақолаларида.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш