“Saudi news”: Саудия Арабистони ва Ўзбекистон диний ҳамкорлик бўйича Ижро дастурини имзолади
Август 24, 2026. 11:16 • 2 дақ
• 113
АР-РИЁЗ, 24 август. /“Дунё” АА/. Саудия Арабистонининг оммабоп “Saudi News” электрон нашрида “Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасида диний ҳамкорлик: Ижро дастурининг имзоланиши” сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда қайд этилишича, Саудия Арабистони Ислом ишлари, даъват ва иршод вазири шайх доктор Абдул Латиф бин Абдул Азиз Ол аш-Шайх Жидда шаҳрида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Мақсудов билан қўшма Ижро дастурини имзолади.
Ҳужжат диний ҳамкорликни мустаҳкамлаш, диний маърифат соҳасидаги қўшма фаолиятни ривожлантириш ҳамда мўътадиллик ва вазминлик қадриятларини илгари суришга қаратилган.
Дастурда икки мамлакат имом-хатиблари, воизлари ва муаззинлари учун ўқув курслари ўтказиш, диний маърифат соҳасида тажриба алмашиш, шунингдек, дин арбобларининг ўзаро ташрифларини уюштириш кўзда тутилган.
Қуръони каримга хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳамкорликка, жумладан, Ўзбекистон томонига Мадинадаги Қирол Фаҳд мажмуасида чоп этилган Қуръони карим нашрлари ва унинг маънолари таржималарини тақдим этишга алоҳида эътибор қаратилган.
Бундан ташқари, диний-маърифий фаолиятнинг замонавий шаклларини, жумладан, электрон даъватни ривожлантириш, аудио ва видеоматериаллар тайёрлаш борасида тажриба алмашиш ҳамда Қуръони карим қироати бўйича халқаро анжуман ва танловларда иштирок этиш назарда тутилган.
Мақолада ёзилишича, дастурнинг амалга оширилиши икки мамлакат ўртасидаги диний ва гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлашга, бағрикенглик, мўътадиллик ва тинч-тотув яшаш каби қадриятларни тарғиб қилишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси