АҚШ Эронга қарши энг йирик иқтисодий ҳужум тайёрламоқда

Август 24, 2026. 12:00 • 2 дақ

97
АҚШ Эронга қарши энг йирик иқтисодий ҳужум тайёрламоқда

ВАШИНГТОН, 24 август. / “Дунё” АА/. АҚШ Эронга қарши янги катта санкциялар пакетини тайёрламоқда, молия вазири Скотт Бессент буни “тарихдаги энг йирик иқтисодий ҳужум” деб атади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “AP” агентлигига таяниб.

Вашингтон Теҳроннинг иқтисодий ва молиявий каналларини ёпиб қўйиш ниятида. Эрон учун молиявий йўналиш бўлиб қолаётган мамлакатлар ва ташкилотлар босим кучайиши ҳамда иқтисодий яккаланишга тайёр туриши керак.

Скотт Бессент агар Эрон Америка кучлари ёки Форс кўрфазидаги қўшниларига қарши ҳарбий ҳаракатлар қилса, Президент Дональд Трамп тез ва қатъий жавоб қайтаришидан огоҳлантирди. Вазир бугун янги чора-тадбирлар тафсилотларини тақдим этиши кутилмоқда.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи янги санкциялар таҳдидини АҚШнинг чорасизлиги аломати деб атади.

“Уларнинг ҳарбий амалиётлардан ўша эски режаларга қайтгани умидсизликка тушганидан далолат беради”, – деди дипломат.

Унинг қўшимча қилишича, Теҳрон босимдан қўрқмайди, янги санкциялар эса, АҚШнинг аввалги ҳаракатлари каби, муваффақиятсизликка учрайди. У Вашингтонни адолат ва қадр-қиммат асосидаги музокараларга чақирди.

Шу билан бирга, Ҳўрмуз бўғози атрофида кескинлик сақланиб қолмоқда. Эрон ўзининг ўтиш қоидаларини бузган кемалар жаримага тортилиши, ушлаб турилиши ёки мусодара қилиниши мумкинлигини маълум қилди.

Шунингдек ўқинг

Кўрфазга ва ундан ташқарига юк ташиш билан шуғулланувчи юк жўнатувчиларга Теҳрон қоидабузар деб ҳисоблайдиган кемалар рўйхатини олдиндан текшириб олиш тавсия этилди.

Бир кун аввал “Axios” нашри АҚШ Уммон қирғоқлари яқинида яширин денгиз йўналишини ташкил этгани ҳақида хабар берган эди. Бу йўналиш орқали ҳар кеча 10 миллион баррелга яқин нефть ташувчи 15–20 та танкер ўтади – бу урушгача бўлган ҳажмнинг қарийб ярмини ташкил этади.

Айни пайтда дипломатик саъй-ҳаракатлар давом этмоқда. Бугун Покистон армияси қўмондони Осим Мунир Теҳронга ташриф буюради. Ташриф давомида сўнгги воқеалар, жумладан, АҚШнинг янги санкциялари таҳдидини муҳокама қилиш режалаштирилган.

Эртаси куни Ҳўрмуз бўғози атрофидаги вазият юзасидан музокараларни давом эттириш учун Ўмон ташқи ишлар вазири Бадр бин Ҳамад ал-Бусаидий Эронга келади.

АҚШ президентининг айтишича, Эрон келишув тузишни истайди, бироқ ҳозирча тўғри келишувга тайёр эмас. Эрон президенти Масъуд Пезешкиён эса аввалроқ дипломатик ечим тарафдори эканини билдирганди.

“Reuters” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш