Logo

Сингапурнинг "The Business Times" нашрида Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари ҳақида мақола эълон қилинди

Август 08, 2025. 09:15 • 2 дақ

91
Сингапурнинг "The Business Times" нашрида Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари ҳақида мақола эълон қилинди

СИНГАПУР, 8 август. /"Дунё" АА Сингапурнинг энг нуфузли нашрларидан бири бўлган "The Business Times" газетасида Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари Самарқанд, Бухоро ва Хива ҳақида кенг қамровли мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси, меъморий ёдгорликлари, замонавий туризм инфратузилмаси ҳамда халқимизнинг қадимий урф-одатлари ёрқин ифодаланган. Самарқанд шаҳри ҳақида алоҳида эътибор билан сўз юритилиб, Регистон майдони, Гўри Амир мақбараси, Биби Хоним масжиди ва Шоҳи Зинда мажмуаси батафсил тасвирланган. Муаллифлар бу муқаддас масканларнинг тарихий ва меъморий аҳамиятини чуқур таҳлил этган.

Бухоро шаҳри эса мақолада қадимий Арк қалъаси, Эски шаҳар кўчалари ва кечки пайтдаги жонли ҳаёт манзаралари билан тасвирланган. Муаллифлар Бухоронинг ўзига хос атмосферасини ёрқин ифодалаб, бу ерга ташриф буюрган ҳар бир сайёҳ ўзини гўё тарих бағрида юргандек ҳис қилишини таъкидлаган.

Шунингдек, меҳмонларнинг Хива шаҳрига сафари ҳам алоҳида эътиборга лойиқ деб топилган. Хусусан, Ичан Қалъа мажмуаси ва Калта Минор муаллифларда чуқур таассурот қолдирган. Ўзбекистоннинг мустақилликка эришганидан кейинги тараққиёт йўли ҳам ёритилиб, мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса, туризм соҳаси ривожига қаратилаётган эътибор алоҳида қайд этилган.

"The Business Times" журналистлари ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, очиқ кўнгиллилиги ва бағрикенглигини эътироф этган ҳолда, мамлакатга ташриф буюрган ҳар бир сайёҳ ўзини меҳмон эмас, балки азиз инсон сифатида ҳис қилишини таъкидлашган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш