Озарбайжон ОАВ: Ўзбекистонда Миллий туризм ягона платформаси ишлаб чиқилмоқда
Апрель 15, 2025. 11:06 • 2 дақ
• 144
БОКУ, 15 апрель. /"Дунё" АА/. Озарбайжоннинг оммабоп "525.az" порталида Ўзбекистон Президенти раислигида 9 апрель куни ҳудудларнинг туризм салоҳиятини ошириш, хорижий инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрда қайд этилганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг туризм экспорти 1,6 карра ошиб, 3 миллиард 500 миллион долларга етди, бу соҳада 2 мингдан ортиқ янги тадбиркор иш бошлади. Ўтган йили хорижий сайёҳлар ташрифи илк бор 10 миллиондан ошди.
"Ҳудудларда туризм ва сервис инфратузилмаси жуда тез ривожланаяпти. Хусусан, ўтган 8 йилда 6 миллиард 500 миллион доллар сармоя киритилиб, 130 мингта меҳмон ўрни очилган. Бугунги кунда 20 та туризм қишлоғи фаолият юритаяпти. Паркент туманининг "Олтин бел" чўққисида халқаро даражадаги янги тоғ-чанғи зонаси барпо этилаяпти", – дейилган мақолада.
Таъкидланганидек, йиғилишда жойлардаги имкониятларни юзага чиқариб, туризм йўналишларини кўпайтириш, сайёҳларга шароитларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Мутасаддиларга шу каби 36 та туман ва шаҳарни этно, гастрономик, тиббий, экстремал, маданий-тарихий, зиёрат, қишки ва агротуризм асосида ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Озарбайжон ОАВ айни пайтда Ўзбекистонда Миллий туризм ягона платформаси ишлаб чиқилаётгани ҳақида ёзган. Энди унга электрон виза бериш, чипта олиш жараёнлари ҳам уланади. Шунингдек, барча тарихий обидаларга кириш имконини берадиган "ягона туристик карта" жорий қилинади.
Йиғилиш кун тартибидаги иккинчи масала – хорижий давлатлар билан ҳамкорликдаги инвестициявий лойиҳалар таҳлили бўлди, деб таъкидланган.
"Бу йил биринчи чоракнинг ўзида Ўзбекистон Президентининг Бирлашган Араб Амирликлари, Малайзия, Кувайт ва Францияга ташрифлар чоғида 39 миллиард долларлик 178 та лойиҳа бўйича келишувларга эришилди. Яқинда Самарқандда ўтган саммитда Европа Иттифоқи Марказий Осиёга 12 миллиард евро ажратишини маълум қилди", – деб ёзган "525.az".
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
“The Financial Times”: Ўзбекистонлик ёш гроссмейстерлар жаҳон шахмат майдонини забт этмоқда
Кувайт ОАВ: Ўзбекистон туристлар учун жозибали мамлакатга айланмоқда