“Daily Financial Time” газетаси: “Янги Тошкент” – Ўзбекистоннинг мислсиз шаҳарсозлик лойиҳаси
Ноябрь 15, 2026. 11:30 • 3 дақ
• 186
ИСЛОМОБОД, 15 ноябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Daily Financial Time” газетасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида амалга оширилаётган “Янги Тошкент” шаҳри қурилиши лойиҳасига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақола муаллифи Ҳуриш Шаҳнинг қайд этишича, “Янги Тошкент” амалдаги пойтахт қаторида мамлакатнинг йирик иқтисодий, маъмурий ва турар жой марказига айланишга қаратилган кенг кўламли шаҳарсозлик лойиҳасидир.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Янги Тошкент лойиҳаси давлат муассасалари, бизнес ҳудудлари, турар жой массивлари, таълим муассасалари, тиббиёт марказлари, туризм, технологиялар ҳамда яшил инфратузилмани ўзида мужассам этган замонавий шаҳар муҳитини яратишга қаратилган узоқ муддатли дастур ҳисобланади, –дейилган мақолада. – Лойиҳанинг умумий майдони қарийб 20 минг гектарни ташкил этади.
Нашрда ушбу мегалойиҳа билан боғлиқ муҳим фактлар ва рақамлар, лойиҳанинг ҳозирги босқичида амалга оширилган ишлар тўғрисида батафсил маълумотлар муштарийларга тақдим этилган.
“Янги Тошкент лойиҳаси дастлабки режалаштириш босқичидан ўтиб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Айни пайтда шаҳарда турар жой бинолари, йўллар, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва жамоат объектлари барпо этилган бўлиб, яна бир қатор йирик лойиҳалар бўйича қурилиш ишлари давом этмоқда. Лойиҳани амалга ошириш кўрсаткичларига кўра, 2026 йил октябрь ойига қадар шаҳарни ривожлантириш учун 2 миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағ инвестиция қилинган”, – дея қайд этилган материалда.
Лойиҳа йирик савдо ва кўнгилочар объектлари, баланд иморатлар, дам олиш масканлари, ижтимоий дастурлар билан бир қаторда халқаро даражадаги спорт иншоотларини ҳам қамраб олади. Хусусан, FIFA талабларига жавоб берадиган 55 минг томошабинга мўлжалланган футбол стадиони қурилмоқда. Ушбу иншоот шаҳарнинг кенг кўламли ривожланиш дастури доирасидаги муҳим спорт объектларидан бири бўлади.
Покистон ОАВ ёзганидек, Янги Тошкент – яшил ҳудудлар ва замонавий инфратузилма асосида лойиҳалаштирилган шаҳар. Лойиҳанинг ўзига хос жиҳатларидан бири — замонавий шаҳарсозлик тамойиллари, экологик барқарорлик ва аҳоли учун қулай жамоат ҳудудларини яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганидир. Шаҳарнинг бош режасида тахминан 2 минг гектар яшил ҳудуд ва 500 гектар атрофида парклар барпо этиш кўзда тутилган.
Буюк Британия, Европа мамлакатлари, Сингапур, Хитой, Туркия ва бошқа давлатлардан келган халқаро мутахассислар ҳамда компаниялар бош режани ишлаб чиқиш, архитектура, муҳандислик, ландшафт дизайни ва “ақлли шаҳар” технологиялари каби йўналишларда иштирок этмоқда.
Асосий мақсад – замонавий инфратузилма, кенг яшил ҳудудлар ва аҳоли, бизнес ҳамда давлат муассасаларининг узоқ муддатли эҳтиёжларини қондиришга қодир хизматлар тизимига эга шаҳар марказини барпо этишдир.
Мақолада халқаро бизнес вакиллари, жумладан, Покистон компаниялари учун ҳам ушбу лойиҳа Ўзбекистон билан янги тижорат алоқаларини йўлга қўйиш ва инвестиция имкониятларини ўрганиш учун истиқболли майдон бўлиши мумкинлиги таъкидланган.
Ҳуриш Шаҳ ўз мақоласини якунида “Қурилиш ишлари давом этиб, янги объектлар фойдаланишга топширилар экан, Янги Тошкентнинг ривожланиши қурилиш, соғлиқни сақлаш, таълим, меҳмонхона бизнеси, технологиялар ва инфратузилма соҳаларида фаолият юритувчи халқаро компаниялар учун ҳам муҳим кузатув ва ҳамкорлик йўналиши бўлиб қолади”, – деб ёзган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси