“Radio Bamberg”: Германия соғлиқни сақлаш соҳаси учун кадрлар тайёрлашда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор
Ноябрь 15, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 61
БЕРЛИН, 15 ноябрь. /“Дунё” АА/. Германиянинг “Radio Bamberg” радиостанцияси Ўзбекистон элчиси Дилшод Ахатовнинг Бамберг шаҳрига ташрифига бағишланган мақола эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Бамберг ижтимоий ривожланиш фонди таклифи билан ташкил этилган ташриф доирасида дипломат мазкур муассаса вакиллари, ишбилармон доиралар ҳамда шаҳар мэри Себастиан Нидермайер билан учрашув ўтказди.
Қайд этилганидек, асосий эътибор соғлиқни сақлаш, ижтимоий соҳа, малакали кадрлар тайёрлаш ва иқтисодий алоқаларни кенгайтириш йўналишларидаги ҳамкорликка қаратилди. Томонлар касб-ҳунар ва дуал таълим, автомобилсозлик, электротехника, озиқ-овқат саноати ва туризм соҳаларида ўзаро муносабатлар имкониятларини муҳокама қилдилар.
Бамберг ва Ноймаркт академиялари бош директори Михаэль Шпрингс Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ишлар тахминан уч йилдан бери олиб борилаётганини таъкидлади. У, шунингдек, миллий соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришда ўзбек томонининг немис тажрибасидан фойдаланишдан манфаатдор эканини билдирди.
Бундан ташқари, Бамберг ижтимоий ривожланиш фонди делегациясининг Ўзбекистонда беморларни парваришлаш ва тиббиёт кадрларини тайёрлаш масалаларига бағишлаб ўтказиладиган бўлажак конференцияда иштирок этиши муҳокама қилинди.
Бамберг мэри Себастиан Нидермайер робототехника, сунъий интеллект ва соҳавий компетенцияларни ривожлантириш йўналишларидаги ҳамкорлик истиқболларига ҳам тўхталиб ўтди.
“Radio Bamberg” таъкидлаганидек, Ўзбекистоннинг салмоқли демографик салоҳияти ва ёш аҳоли тузилмаси Германия билан касб-ҳунар таълими ва малакали мутахассисларни тайёрлаш соҳасидаги шерикликни кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси