Миср ОАВ: Тошкент халқаро тўқимачилик саноати мутахассисларини бир майдонга жамлайди
Август 21, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 174ҚОҲИРА, 21 август. /“Дунё” АА/. Мисрнинг “Sada El Balad” ва “Al Diplomasy” нашрларида Тошкентда 8–10 сентябрь кунлари ўтказиладиган 17-Марказий Осиё халқаро тўқимачилик ускуналари ва технологиялари кўргазмаси – “CAITME 2026”га бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Sada El Balad” нашрида қайд этилишича, кўргазмада 17 мамлакатдан 250 та компания ва бренд иштирок этади. Германия, Австрия, Ҳиндистон, Италия, Хитой, Туркия, АҚШ ва Швейцариянинг етакчи ишлаб чиқарувчилари ўзининг замонавий ускуна ва технологияларини намойиш қилади.
Мақолаларда CAITME Марказий Осиё тўқимачилик ва тикувчилик саноатини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш самарадорлиги ва корхоналар рақобатбардошлигини оширишга хизмат қиладиган муҳим халқаро майдон сифатида баҳоланган.
“Al Diplomasy” нашри эса кўргазманинг технологик ва инвестициявий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, материалда 9 сентябрь куни ўтказиладиган “TextileExpo Uzbekistan Sourcing Hub” лойиҳаси доирасида тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари ва харидорлар сунъий интеллект технологиялари ёрдамида B2B форматда музокаралар ўтказиши мумкинлиги таъкидланган.
Нашрда ёзилишича, “CAITME 2026” кўргазмаси Тошкентнинг халқаро тўқимачилик саноати, технологиялар ва ишбилармонлик ҳамкорлиги учун муҳим минтақавий майдон сифатидаги мавқеини янада юксалтиради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

