Миср ОАВ: Ўзбекистон муҳим иқтисодий хаб мақомини мустаҳкамламоқда
Сентябрь 30, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 234ҚОҲИРА, 30 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мисрнинг нуфузли оммавий ахборот воситаларида Бокуда бўлиб ўтадиган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) Саммити арафасида Ўзбекистоннинг иқтисодий боғлиқлиги, шунингдек, ўқитувчилар мақомини оширишга қаратилган ислоҳотларга бағишланган туркум таҳлилий мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Al Diplomacy” нашри ўз мақоласида Ўзбекистон Осиё харитасида ўз иқтисодий мавқеини янгитдан шакллантираётгани, жўғрофий жойлашувни чеклов эмас, балки савдо, инвестиция ва саноат учун кўприк қуриш имконияти сифатида кўраётганини қайд этган. Мақолада таъкидланишича, 2026 йилнинг биринчи ярмида Хитой, Россия, Қозоғистон, Туркия ва Афғонистон мамлакат ташқи савдосининг қарийб 53 фоизини таъминлаган, январь-июнь ойларида эса экспорт 32 фоизга ўсиб, 14,4 миллиард долларни ташкил этган.
“Alawstelalamianews” портали эса 2026 йил 15 октябрь куни Озарбайжон раислигида Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган ОҲИЧКнинг еттинчи саммитига эътибор қаратган. Нашр Ўзбекистон экспорти ва саноат ҳамкорлигини кенгайтириш ишончли логистика ҳамда ташқи бозорларда барқарор шарт-шароитларни талаб қилишини ёритиб, МДҲ давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 2020 йилдаги 11,8 миллиард доллардан 2025 йилда 28,1 миллиард долларга етганини мисол қилиб келтирган.
“Eldameer” газетаси ҳам Бокудаги саммит мавзусига мурожаат қилиб, Ўзбекистоннинг ташқи бозорларга чиқишида экспорт салоҳиятини ошириш аҳамиятини ёритган.
Шунингдек, “Al Diplomacy” нашрида Ўзбекистонда ҳар йили 1 октябрда нишонланадиган Ўқитувчилар ва мураббийлар кунига бағишланган мақола ҳам чоп этилган. Унда 2024 йил февраль ойида қабул қилинган “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонун ўқитувчиларни ўз вазифасига кирмайдиган ишлардан ҳимоя қилиши, шунингдек, 46 мингдан ортиқ ўқитувчи иштирок этган янги “Йил ўқитувчиси” миллий танлови ҳақида сўз юритилган. Материалда “Устоз отангдек улуғ” мақоли мисолида ўзбек халқининг ўқитувчи касбига бўлган юксак ҳурмати алоҳида таъкидланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

