1–2 октябрь кунлари Самарқандда Осиё конституциявий судларининг VII Конгресси бўлиб ўтади

Сентябрь 30, 2026. 20:00 • 2 дақ

• 90
1–2 октябрь кунлари Самарқандда Осиё конституциявий судларининг VII Конгресси бўлиб ўтади

ТОШКЕНТ, 30 сентябрь. /“Дунё” АА/. 1–2 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясининг (AACC-ASIA) VII конгресси бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Бу галги конгресс “Рақамлаштириш ва сунъий интеллект шароитида конституциявий одил судлов” мавзусига бағишланади.

Анжуманда дунёнинг 20 дан ортиқ давлатдан конституциявий ва олий судлар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда етакчи ҳуқуқшунос олимлар қатнашади.

Ушбу тадбир глобал технологик трансформация шароитида қонун устуворлиги ва инсон қадр-қимматини таъминлашнинг янги механизмларини белгилаб беришга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Шунингдек ўқинг

VII конгресс доирасида қуйидаги долзарб масалалар муҳокама қилинади:

  • рақамли трансформация шароитида судьялар мустақиллиги;
  • инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини рақамли муҳитда таъминлаш;
  • конституциявий назоратда сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятлари ва ҳуқуқий чегаралари;
  • холислик ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш;
  • сунъий интеллектдан фойдаланишда процессуал кафолатлар;
  • конституциявий юрисдикциялар ўртасида халқаро ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш.

Конгресс якунида замонавий технологик ўзгаришлар шароитида конституциявий одил судловни ривожлантиришга қаратилган Самарқанд декларацияси қабул қилиниши режалаштирилган.

Мазкур халқаро анжуман конституциявий одил судловнинг келажаги, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва сунъий интеллектдан суд соҳасида фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари бўйича халқаро мулоқот учун муҳим майдон бўлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш