Индонезия матбуоти: I Халқаро ислом цивилизацияси форуми халқаро мулоқот учун муҳим майдон бўлди
Июль 16, 2026. 20:00 • 2 дақ
• 37ЖАКАРТА, 16 июль. /“Дунё” АА/. Индонезия ОАВларида Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида бўлиб ўтган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми, унинг якунлари ва халқаро аҳамияти кенг ёритилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, “Garuda TV”, “Indonesiainside”, “Kabarsurya”, “Apaberita”, “Retizen (Republika)” “Kalimantan Post”да турли материаллар эълон қилинди.
Таъкидланишича, “Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” шиори остида ташкил этилган форумда кўплаб мамлакатлардан олимлар, дин арбоблари, экспертлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари фаол иштирок этган.
Индонезия оммавий ахборот воситалари форумнинг энг муҳим натижалари сифатида Тошкент декларацияси қабул қилинганига алоҳида эътибор қаратди. Ислом цивилизацияси меросини рақамлаштириш, электрон кутубхона ва ягона реестр яратиш, музейлар ҳамда тадқиқот муассасалари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш бўйича илгари сурилган таклифлар форумнинг муҳим амалий натижалари сифатида баҳоланди.
Мақолаларда Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилган. Самарқанд, Бухоро ва Термиз каби шаҳарларнинг жаҳон илм-фани ҳамда ислом маданияти ривожида тутган ўрни юксак баҳоланган.
Шунингдек, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий сингари буюк алломаларнинг илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилган.
Индонезия оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган материаллар таҳлили шуни кўрсатадики, I Халқаро ислом цивилизацияси форуми нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами учун муҳим халқаро илмий-маърифий воқеа сифатида эътироф этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


