Ўзбекистон ва Миср фармацевтика соҳасида янги инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилди

Июль 16, 2026. 19:00 • 2 дақ

82
Ўзбекистон ва Миср фармацевтика соҳасида янги инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилди

ҚОҲИРА, 16 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари ҳамда Мисрнинг “Wadi Al Nile” ва “STIO Life Sciences” фармацевтика компаниялари ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот чоғида Миср томони меҳнат фаолияти, экспорт салоҳияти ва Ўзбекистон билан давлат даражасидаги стратегик-инвестициявий ҳамкорлик хусусида сўз юритди.

“Wadi Al Nile” компанияси гемодиализ учун юқори технологияли ускуналар, қонни тозалаш препаратлари ва сарфлаш материалларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Компания ҳозирги кунда Саудия Арабистони ва Ганада йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширмоқда.

“STIO Life Sciences” эса ISO халқаро сифат стандартларига мос замонавий дори воситалари, оғриқ қолдирувчи препаратлар ҳамда нафас олиш тизими касалликларини даволашга мўлжалланган тиббий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи етакчи корхона ҳисобланади.

Шунингдек ўқинг

Бозор таҳлилларига кўра, мазкур компаниялар Миср ва Яқин Шарқ минтақаси бозорининг салмоқли қисмини тиббий жиҳозлар билан таъминлаб келмоқда.

Учрашувда хориж томони Ўзбекистонда гемодиализ ускуналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилмагани ва бундай жиҳозларнинг ҳозирда хориждан импорт қилинаётганига эътибор қаратди. Шу боис, мисрлик ишбилармонлар мамлакатимизда қўшма ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш бўйича ўз таклифларини билдирди.

Лойиҳани батафсил ишлаб чиқиш мақсадида инвесторлар Ўзбекистондаги мавжуд бозор эҳтиёжлари, ер майдонлари ва хорижий инвесторлар учун яратилган давлат имтиёзларига доир маълумотлар билан қизиқди.

Бундан ташқари, Миср томони ўзбек делегациясини 2026 йил сентябрь ойида Қоҳирада бўлиб ўтадиган тиббиёт соҳасидаги йирик “Pharmaconex” халқаро кўргазмасига таклиф этди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш