“АҚШ–Ўзбекистон” қўшма инвестиция платформаси ишга туширилди

Июль 04, 2026. 12:00 • 2 дақ

23
“АҚШ–Ўзбекистон” қўшма инвестиция платформаси ишга туширилди

КИЕВ, 4 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ва АҚШ инвестиция ҳамда экспортни молиялаштириш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида “АҚШ – Ўзбекистон” қўшма инвестиция платформасини ишга туширди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Украинанинг “Open4business” ва “Fixygen” ахборот порталларига таяниб.

Янги платформа Ўзбекистон, АҚШ ва уларнинг ҳамкорлари учун ўзаро манфаатли бўлган стратегик инвестиция лойиҳаларини аниқлаш, қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш мақсадида ташкил этилган. Шунингдек, мазкур механизм экспортни молиялаштириш ҳамда иқтисодиётнинг устувор тармоқларига халқаро капитални жалб қилиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади.

Энергетика, инфратузилма, транспорт ва логистика, ахборот-коммуникация технологиялари, фармацевтика саноати, шунингдек, муҳим минерал ресурсларни қидириш ва ўзлаштириш платформа фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди.

Ишлаб чиқариш ва логистика занжирларини мустаҳкамлаш, барқарор энергия таъминотини таъминлаш ҳамда замонавий юқори технологияли ишлаб чиқаришни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилади.

Янги механизм хусусий капитални сафарбар қилиш воситасига айланиши ва истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш учун суверен фаровонлик жамғармалари, халқаро молия институтлари, кўп томонлама тараққиёт банклари ҳамда бошқа йирик инвестиция ташкилотларини жалб қилиш имконини бериши кутилмоқда.

Шунингдек ўқинг

АҚШ Халқаро ривожланиш молия корпорацияси (DFC) маълумотларига кўра, муҳим минерал ресурсларга бўлган жаҳон талабининг ортиши, ишончли энергия таъминотига эҳтиёжнинг кучайиши ҳамда Транскаспий транспорт йўлаги орқали савдо ҳажмининг кенгайиши Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг иқтисодий салоҳиятини янада оширмоқда.

DFC бош директори Бен Блекнинг таъкидлашича, платформанинг ишга туширилиши ҳар икки мамлакатнинг стратегик манфаатларига жавоб берадиган инвестицияларни амалга ошириш йўлидаги биринчи қадамдир. Унинг сўзларига кўра, янги механизм таъминот занжирларини мустаҳкамлашга ҳамда АҚШ ва Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши учун қўшимча имкониятлар яратишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, томонлар қатор йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масаласини муҳокама қилмоқда. Тошкентда янги аэропорт қуриш, Фарғона вилоятида замонавий тиббиёт мажмуасини барпо этиш ва рақамли банкни ишга тушириш истиқболли йўналишлар қаторига киради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш