Санкт-Петербургдан муносабат: Тбилисида Алишер Навоий ҳайкалининг очилиши Ўзбекистон тарихи ва маданиятига бўлган чуқур ҳурмат белгисидир

Июль 04, 2026. 11:30 • 3 дақ

58
Санкт-Петербургдан муносабат: Тбилисида Алишер Навоий ҳайкалининг очилиши Ўзбекистон тарихи ва маданиятига бўлган чуқур ҳурмат белгисидир

САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 4 июль. /“Дунё” АА/. А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети Ўзбек маданият маркази директори Асель Рашидова “Дунё” ААга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2–3 июль кунлари Грузияга амалга оширган давлат ташрифи юзасидан фикр билдирди:

– Ўзбекистон етакчисининг Грузияга амалга оширган давлат ташрифи икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини янги босқичга олиб чиққан муҳим сиёсий воқеа сифатида тарихга кирди. Мазкур ташриф нафақат иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, балки халқлар ўртасидаги маданий, таълим ва гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш учун ҳам кенг имкониятлар яратди.

Ташрифнинг энг рамзий ва тарихий воқеаларидан бири Тбилиси шаҳрида буюк ўзбек шоири, мутафаккири ва давлат арбоби Алишер Навоий ҳайкалининг очилиши бўлди. Бу ташаббус ўзбек халқи маънавий меросига, ўзбек тили ва адабиётига, Шарқ цивилизациясининг буюк маданий қадриятларига юксак эҳтиром ифодасидир. Алишер Навоий мероси бугунги кунда ҳам миллатлар ўртасидаги ўзаро англашув, инсонпарварлик ва маърифат ғояларини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Маданий дипломатия замонавий халқаро муносабатларнинг ажралмас қисмига айланиб бораётган бугунги даврда Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги гуманитар ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этади. Таълим, илм-фан, маданият ва ёшлар алмашинуви халқлар ўртасида мустаҳкам ишонч ва дўстлик муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.

Шунингдек ўқинг

А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети ҳузуридаги Ўзбек маданият марказининг фаолияти ҳам айнан шу эзгу мақсадларга қаратилган. Марказ ўзбек тили, адабиёти ва миллий маданиятини халқаро майдонда тарғиб қилиш, турли мамлакатлар таълим муассасалари ва илмий марказлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, маданий мулоқотни ривожлантириш орқали халқлар ўртасидаги дўстлик кўприкларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Шу нуқтаи назардан қараганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга давлат ташрифи ва Тбилисида Алишер Навоий ҳайкалининг очилиши Ўзбекистон тарихи ва маданиятига бўлган чуқур ҳурмат белгисидир, икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу воқеа янги қўшма илмий ва таълим дастурлари, маданий тадбирлар, таржима лойиҳалари, кўргазмалар ҳамда ижодий ташаббусларнинг амалга оширилиши учун мустаҳкам замин яратади.

Ишончим комилки, Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги дўстона муносабатлар, ўзаро ҳурмат ва стратегик ҳамкорлик келгусида янада ривожланиб, халқлар фаровонлиги, маънавий яқинлиги ва умумий тараққиётига хизмат қилади. Маданият, таълим ва инсонпарварлик қадриятлари эса ушбу шерикликнинг энг мустаҳкам пойдевори бўлиб қолаверади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш