“Global News Pakistan”: Ўзбекистон “C5+1” форматининг янги саноат архитектурасида муҳим ўрин эгалламоқда

Сентябрь 11, 2026. 13:00 • 2 дақ

45
“Global News Pakistan”: Ўзбекистон “C5+1” форматининг янги саноат архитектурасида муҳим ўрин эгалламоқда

ИСЛОМОБОД, 11 сентябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Global News Pakistan” ахборот агентлигида бўлажак Сеул саммити ва “C5+1”нинг янги саноат архитектурасига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, бўлажак биринчи “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммитининг Сеул шаҳрида ўтказилиши “C5+1” форматига янада иқтисодий мазмун бағишлайди. Саммит кун тартибида саноатни модернизация қилиш, инфратузилма, фойдали қазилмалар, энергетика, кадрлар тайёрлаш ва хусусий секторни ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилинади.

Ушбу йўналишдаги ишларнинг институционал асосини саноат вазирлари учун алоҳида маслаҳатлашув механизми ташкил этиб, у мунтазам тармоқ мулоқотини йўлга қўйиш, қўшма ташаббуслар ва устувор лойиҳалар рўйхатини шакллантиришга йўналтирилган.

Тошкент ва Сеул ўртасидаги муносабатлар 2019 йилдан буён алоҳида стратегик шериклик мақомига эга бўлиб, Корея Республикасининг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган тўғридан-тўғри инвестицияларининг жамланган ҳажми 8 миллиард доллардан ошди. 2026 йил январь–июнь ойларида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард долларга яқинлашиб, 11,5 фоизга ошди.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон–Корея Республикаси ҳамкорлиги кенг кўламдаги лойиҳаларни амалга ошириш учун молиявий асосга эга. Ўзбекистоннинг Корея Республикаси Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармаси билан 2024–2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури 2 миллиард доллар ҳажмида шакллантирилган. Шу билан бирга, янги ташаббуслар портфели ривожлантирилмоқда ҳамда давлат кафолатларисиз ва давлат-хусусий шериклик асосида молиялаштириш механизмлари ишлаб чиқилмоқда.

Касбий кўникмаларни ривожлантириш ва кадрлар тайёрлаш “C5+1” саноат механизмининг устувор йўналишларидан биридир. Ўзбекистонда бунинг учун амалий база шакллантирилган: Тошкент, Фарғона, Шаҳрисабз ва Самарқанд шаҳарларида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги иштирокида ташкил этилган касб-ҳунар таълими марказлари фаолият юритмоқда, яна бири Урганч шаҳрида қурилмоқда.

Ўзбекистон янги минтақавий архитектурага сезиларли амалий салоҳият билан кириб келмоқда: унинг кўплаб элементлари Корея билан икки томонлама ҳамкорлик доирасида аллақачон ишламоқда.

“Тўпланган Ўзбекистон–Корея Республикаси тажрибаси “C5+1”нинг саноат архитектурасидаги амалий элементлардан бирига айланиб, Ўзбекистоннинг Корея Республикасининг Марказий Осиё билан технологик ва саноат ҳамкорлигидаги ролини мустаҳкамламоқда”, – дея ёзилган мақола хулосасида.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш