“The Nation” газетаси: Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда Марказий Осиёда катта тажриба шаклланмоқда
Сентябрь 12, 2026. 16:00 • 3 дақ
• 108
ИСЛОМОБОД, 12 сентябрь. / “Дунё” АА/. Покистоннинг “The Nation” газетасида “Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда минтақавий ёндашув: Марказий Осиё қандай тажриба таклиф эта олади?” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда 8 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси очилиб, 18 сентябрда жаҳон етакчилари Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) бўйича махсус тадбир – SDG Moment доирасида тўпланишлари айтилади.
Қайд этилишича, бу учрашувлар 2030 йилгача қолган вақтда барқарор ривожланиш суръатини қандай тезлаштириш мумкинлиги ҳақидаги саволни яна кун тартибига олиб чиқади. БМТнинг 2026 йилги Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳисоботига кўра, тенденцияни баҳолаш учун етарли маълумот мавжуд 139 та вазифанинг атиги 36 фоизи режага мувофиқ ёки ўртача суръатда илгариламоқда.
“Апрель ойида БМТ Бош Ассамблеяси Марказий Осиёда барқарор ривожланишни таъминлаш учун минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий интеграцияни кучайтиришга қаратилган резолюцияни қабул қилди, – дейилган материалда. – Бешта Марказий Осиё давлати ва 66 та ҳаммуаллиф давлат қўллаб-қувватлаган ҳужжат мамлакатлар ўртасида мувофиқлашувни кучайтириш, БМТ агентликлари, жамғармалари ва дастурларининг фаолиятини минтақавий устувор вазифалар атрофида уйғунлаштиришга чақирди”.
Таъкидланишича, бундай ёндашув халқаро ташкилотлар ва тараққиёт ҳамкорларининг бир хил трансчегаравий муаммо бўйича турли мамлакатлардаги дастурларини умумий натижалар атрофида бирлаштириш имконини беради. Масалан, сув самарадорлиги, тоза электр энергияси савдоси ёки транспорт боғлиқлигини яхшилаш каби бир нечта ўлчанадиган вазифаларни белгилаб, миллий ислоҳотлар ва молиявий ресурсларни шу йўналишларга мувофиқлаштириш мумкин.
Материалда Марказий Осиёда шаклланаётган тажрибадан глобал БРМ тизими учун тўртта амалий хулоса чиқариш мумкинлиги урғуланган. Биринчидан, минтақавий ҳамкорлик аниқ ва ўлчанадиган вазифаларга таяниши керак. Иккинчидан, кўп томонлама тараққиёт банклари қўшма натижани рағбатлантирадиган минтақавий молиялаштириш механизмларини кенгайтириши мақсадга мувофиқ. Учинчидан, умумий стандартлар ва ўзаро ишлайдиган маълумот платформалари минтақавий жамоат инфратузилмасининг бир қисми сифатида қаралиши лозим. Тўртинчидан, БМТ тараққиёт тизими трансчегаравий муаммоларда мамлакат дастурларини умумий минтақавий натижалар доирасида мувофиқлаштириши мумкин.
“2026 йилги SDG Moment самара берган ечимларни кенг миқёсга олиб чиқишга урғу беради. Марказий Осиёда шаклланаётган механизмлар шу нуқтаи назардан диққатга сазовор: улар алоҳида лойиҳаларни эмас, мамлакатлар, бюджетлар, маълумотлар ва ҳисобдорликни боғлайдиган институтларни ҳам ривожлантириш зарурлигини кўрсатмоқда”, – деб ёзилган “The Nation” мақоласида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси