Logo

Тошкентда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши таҳлил марказлари биринчи форуми Хитой ОАВ диққат марказида

Апрель 26, 2025. 07:23 • 2 дақ

52
Тошкентда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши таҳлил марказлари биринчи форуми Хитой ОАВ диққат марказида

ПЕКИН, 26 апрель. /"Дунё" АА/. Хитойнинг "Psearche" нашрида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган "Стратегик шерикликни мустаҳкамлаш: тарихий алоқалардан кенг қамровли ҳамкорлик сари" мавзусидаги Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши таҳлил марказлари биринчи форумига бағишланган  мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Маълум қилинганидек, шу йилнинг 28-29 апрель кунлари бўлиб ўтадиган тадбир Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Саудия Арабистонининг "Gulf Research Center" тадқиқот маркази томонидан ташкил этилмоқда.

Форум Марказий Осиё мамлакатлари (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон) ва КАДҲК (Саудия Арабистони, БАА, Қатар, Кувайт, Ўмон, Баҳрайн) дан 70 дан ортиқ нуфузли мутахассисларни бир жойга тўплайди ҳамда икки улкан макроминтақанинг келажакдаги ҳамкорлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, тадбирга КАДҲК Котибияти, дипломатик корпус ва ишбилармон доира вакиллари ҳам таклиф этилган.

"Иштирокчилар Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ўртасидаги жорий ва истиқболдаги ҳамкорликнинг муҳим жиҳатларини муҳокама қиладилар", – деб ёзган нашр.

Бундан ташқари, ишлаб чиқилган тавсиялар Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари етакчиларининг иккинчи саммити кун тартибини бойитишга муҳим ҳисса қўшади.

"Бўлажак форум Марказий Осиё ва Кўрфаз мамлакатлари ўртасидаги узоқ муддатли шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилиб, умумий тарихий меросни қайта тиклаш ва кўп қиррали мулоқотни мустаҳкамлаш учун янги йўналишларни белгилаб беради", – дея таъкидланган "Psearcher" мақоласида.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш